BBC navigation

Мисрликлар янги президент сайлашмоқда

Сўнгги янгиланиш 23 май 2012 - 08:56 GMT

Мисрликлар Ҳусни Муборак қудратдан кетказилганидан 15 ой ўтиб, янги президент танлашмоқда.

Мамлакат бўйлаб 50 миллион мисрлик сайлаш ҳуқуқига эга ва овоз бериш шаҳобчалари одамлар билан тўлиб бораётгани хабар қилинади.

2011 йил февралидан бери Мисрни бошқариб келаётган ҳарбий кенгаш халққа адолатли сайловлар ва фуқаровий ҳукуматни ваъда қилганди.

Илк эркин сайлов деб таърифланаётган жараёнда Исломий қарашдаги сиёсатчилар дунёвийларга, инқилобчилар эса, Муборак давридаги вазирларга қарши беллашишмоқда.

Овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан 08:00да бошланган. Қоҳирадаги кўплаб овоз бериш шаҳобчаларига келаётганлар сони ҳар дақиқада ошаётгани хабар қилинади.

Би-би-сига гапирган мисрлик аёллардан бири: "Бу - жуда узун кун ва катта воқелик. Мисрликлар ўзгариш ясашлари учун йирик имконият", деб айтган.

Овоз бериш учун навбатда турганлардан бири қанча кутиб қолгани ҳақида сўралганда: "30 йил", дея жавоб берган.

Кучли номзодлар

Сайловда 13 номзод беллашмоқда. Улардан 4 нафари энг кучли номзодлар сифатида кўрилади:

Аҳмад Шафақ, у ҳаво кучлари собиқ қўмондони ва 2011 йил феврал ойида қисқа муддат бош вазирлик вазифасини бажарган
Амр Муса, у собиқ ташқи ишлар вазири ва Араб Лигаси раҳбари вазифасида ишлаган
Муҳаммад Мурси, Мусулмон Биродарлари Озодлик ва Адолат партияси раҳбари
Абдул Муним Абу ал Футуҳ, Исломий қарашдаги мустақил номзод

Қўшма Штатларда таълим олган мухандис Муҳаммад Мурси аввалига Мусулмон Биродарлар партиясининг заҳирадаги номзод бўлган. Аммо, собиқ сиёсий маҳбус Хайрат ал-Шатернинг номзоди Олий Сайлов Комиссия тарафидан тарафидан рад этиларкан, жаноб Мурси олдинги қаторга чиққанди.

Янги конституция тасдиқдан ўтмагунча, янги президент қандай ваколатларга эга бўлиши маълум эмас ва ҳарбийлик билан келишмовчиликлар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Би-би-сининг Яқин Шарқ масалалари бўйича муҳаррири Жереми Бовен ҳам афтидан ҳарбийлик президент курсиси ортидаги қудрат сифатида қолишга қатъий аҳд қилган ва ҳарбийлик билан тўқнашув эҳтимоли кутилаётганини айтади.

Сайловлар мисрликлар учун муҳим бурилиш нуқтаси, дея таърифланмоқда. Улар мамлакатнинг 5, 000 йиллик тарихида илк бор ўз раҳбарларини танлаш имкониятига эга бўлганлар.

Сайловдан сўнг тартибсизлар бошланиши эҳтимолидан хавотирда бўлган Қуролли Кучлар Олий Кенгаши янги президент ким бўлиши юзасидан фақат мисрликларнинг ўзлари қарор беришларини айтган.

Агар илк босқичда ғолиб аниқланмаса, сайловнинг навбатдаги босқичи 16-17 июн кунлари ўтказилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.