Олмон маҳкамаси ЎИҲ аъзосини 6 йилга озодликдан маҳрум этди

Вазиристон
Image caption Аҳмад Вали Сиддиқий Вазиристонда "ал-Қоида"нинг юқори мулозими билан учрашган

Асли афғонистонлик олмон фуқароси "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га аъзоликда айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

37 яшар Аҳмад Вали Сиддиқийнинг тергов пайтида берган кўрсатмалари 2010 йилда Оврўпонинг йирик шаҳарларига ҳужумлар содир этилиши мумкин деган хавотирларни уйғотган эди.

Кобленз шаҳридаги минтақавий маҳкама Аҳмад Вали Сиддиқийни, шунингдек, "ал-Қоида" тармоғига аъзоликда айбдор деб топган.

"Айбланувчи икки хорижий террорчи ташкилотга аъзо бўлгани учун олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ташкилотлар - "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва "ал-Қоида"дир", - деб айтган маҳкама матбуот котиби Тобиас Эйсерт. -"Ҳукм асосан айбланувчининг ўзи берган кўрсатмаларга асосланди."

Маҳкама чиқарган баёнотга кўра, Олмония ва Афғонистон фуқароси бўлган Аҳмад Вали Сиддиқий 2009 йил баҳорида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" сафларига қўшилиш учун Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Вазиристон минтақасига сафар қилгани ва ҳарбий машғулотдан ўтганини эътироф этган.

Айни йилда Аҳмад Вали Сиддиқий, маҳкама чиқарган баёнотда таъкидланишича, "ал-Қоида"га қўшилади ва 2010 йил майида тармоқнинг юқори мулозими билан учрашади.

Баёнотда илова қилинишича, "ал-Қоида" вакили Оврўпо ҳудудида тармоқ гуруҳларини ташкил этишни режалаштирган ва Сиддиқий "ал-Қоида"нинг Олмониядаги вакилига айланган.

АҚШ кучлари Аҳмад Вали Сиддиқийни 2010 йил июлида Кобул шаҳрида ҳибсга олишади ва деярли бир йил давомида Багром ҳаво базасидаги қамоқхонада ушлаб туришади.

Тергов пайтида у берган кўрсатмалар асосида 2010 йил октябрида Қўшма Штатлар расмийлари "ал-Қоида" Британия, Франция ва Олмонияда ҳужумлар содир этишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантиришди.

Натижада уччала мамлакатда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Аҳмад Вали Сиддиқийни олмон расмийлари Багром қамоқхонасида бир неча бор сўроқ қилишган ва ўтган йил апрелида Олмонияга экстрадиция этишган.

Бу мавзуда батафсилроқ