Украина Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби ишдан олинди

Герашенко
Image caption Герашенкоybyu вазифасидан четлатилишига Би-би-сининг тадқиқот хабари сабаб бўлган

Украина Миллий Олимпия қўмитасининг бош котиби Владимир Герашенко ўз вазифасидан четлатилган. Бунга Би-би-сининг тадқиқот хабари сабаб бўлган.

Унда Герашенко Лондон олимпиясига аталган чипталарни бир неча минг фунтга сотиш учун таклиф қилгани ошкор бўлиб қолгани сабаб дейилмоқда.

Украина Миллий Олимпия Қўмитаси президенти Сергей Бубка - бу ҳақда Герашенкога сим қоқиб унинг ишдан олинганини маълум қилган.

Чайқовчи журналист бўлиб чиқди

Би-би-си таҳририяти ўтказган журналистик текширувлари чоғи Олимпия ўйинларига чипталар сотган расмий намояндалар баъзи қоидаларни бузганлари аниқланган. Қоидалар чипталарнинг қора бозорга сизиб боришини тақиқлайди.

Текширувлар чоғи Украина Миллий Олимпия қўмитаси расмийларининг чипталар сотиш ниятидан бохабар бўлган Би-би-си мухбирларидан бири Британиядан норасмий сотувчи номи билан Украина бош котибига боғланишга қарор қилган.

Владимир Герашенко ўзини олимпиада чипталари чайқовчиси деб таништирган Би-би-си мухбирига юзга яқин чипталарни нақд пулга сота олишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британияда Лондон 2012 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун чипталарни қора бозорда сотиш қонунан маън этилган

Бироқ, Британияда Лондон 2012 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун чипталарни қора бозорда сотиш қонунан маън этилган ва бундай ҳаракатлар жиноят ҳисобланади. Бундай ноқонуний ишга қўл урганларга 20 минг фунт стерлинг жарима солинади.

Душанба куни Би-би-си Герашченкодан нима сабабдан Олимпия ва Британия қонунларини бузишга тайёр бўлгани ҳақида сўраркан, у "ҳеч қачон Британияда чипталарни сотишини кўзламаганини" айтган. Жаноб Герашченконинг сўзларига кўра, у фақат ёпишқоқ чайқовчининг катта қизиқишини қониқтириш мақсадида дипломатик музокара олиб борган.

Украина Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Сергей Бубка Герашченкога нисбатан ички текширув бошланиши хақида маълум қилган.

Бундан ташқари Лондондаги ташкилий қўмита раҳбари Себастьян Коэга кўра, Украина ҳар қандай терговга кўмаклашиш учун Британия ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Лорд Коэнинг билдиришича, Лондон 2012 ташкилий қўмитаси Би-би-сидан барча ҳужжатларни уларга беришларини сўрамоқчи.

Лондон полицияси - Скотланд Ярд ҳам Владимир Герашченко ҳақидаги репортажга тааллуқли Би-би-си материалларини уларга беришни сўраган.

Скотланд Ярд чайқовчилар қўлидан чипталарни сотиб олиш хавф-хатарлари борасида огоҳлантирувчи баёнот чиқарган. Баёнотда айтилишича, харидорлар учун Лондон 2012 расмий сайтидан сотиб олиш энг хавфсиз йўли, дея маслаҳат беради.