'Рус ваҳобийси' 23 йилга ҳукм қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи police
Image caption Россия расмийларига кўра, Виктор Двораковский худкуш ҳужумга тайёрланган

Виктор Двораковский ва унинг шериги Владимир Скирко террор амалиётига тайёргарлик кўриш, портловчи моддалар тайёрлаш ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари жонига суиқасд уюштиришга оид айбловларга юз тутишганди.

Ставрополдаги маҳкама Виктор Двораковскийни 23 йилга, Владимир Скиркони эса олти йилга қамаш борасида ҳукм чиқарди.

Расмийларга кўра, радикал исломчи бўлган Виктор Двораковский тасодифан, полициянинг кўчадаги текширув натижасида қўлга олинган.

Ўтган июл ойида у ёнидаги портловчи қурилмаси билан ушлангани ва ўша пайтда полицияни портлатиш билан таҳдид қилгани айтилади.

Лекин портловчи модда гумондорнинг қўлида портлайди ҳамда касалхонада унинг қўлини кесиб ташлашга тўғри келади.

Россия хабар агентликлари Виктор Двораковский радикал диний оқим тарафдори ва худкуш ҳужумчи бўлишга тайёрланган, деган тахминларни ёзганди.

Аслида уни қидириш ҳали бир йил олдин бошланган ва "рус ваҳобийси" лақабини олган Виктор Двораковский бошига 3.5 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот белгиланганди.

Сўнгги пайтлари жангари Исломга юзланган русларни "рус ваҳобийлари" деб атай бошлашган.

Ҳали 2011 йил февралида ҳам Доғистонда рус миллатига мансуб эр-хотин иккита худкуш ҳужум содир этишганди.

Россия матбуотига кўра, эр-хотин "рус ваҳобийлари" кофирларга қарши жиҳод эълон қилинган видеотасмани қолдиришган.