Покистонда " бин Лодиннинг шифокори" қамалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Давлатга хиёнат қилганликда айбланган доктор Афродий 33 йил қамоқда ўтириши мумкин

Америка Покистондан доктор Шоқил Афродийни озод қилишни сўраган.

Америка давлат котиби Хиллари Клинтон ҳам бу ҳаракатни қоралаган.

Шунингдек, Америка сенати Федерал разведка бошқармасига Усама бин Лодиннинг қаердалигини айтган покистонлик шифокорни ҳибсга олгани учун Исломободга бериладиган йиллик ёрдам пулини 33 млн.га қисқартирган.

Шу ҳафта бошида доктор Шоқил Афродий АҚШга "Ал-Қоида" раҳбарининг Аббатободдаги манзилини топишга ёрдам бергани учун, давлатга хиёнат қилишда айбланиб, 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Америка сенаторларидан бири Покистонни "шизофреник иттифоқчи" деб атаган.

Америка сенати Исломободга ёрдам пулини қисқартирар экан, Покистон НАТО қўшинлари юкларини олиб чиқишга йўл очмаса, яна бошқа жазо чораларини қўллаш билан таҳдид қилган.

Доктор Шоқил Афродий гўёки касалликка қарши эмлаш баҳонасида шаҳардаги одамларнинг ДНКсини олишга муваффақ бўлган ва уни Америка разведкасига топширган.

Шу йўл билан бин Лодиннинг аниқ манзили Америка разведкасига маълум бўлгани айтилади.

2011 йилнинг май ойида Америка махсус кучлари томонидан Аббатободда "биринчи рақамли террорист" ўлдирилади.

Америка сенатининг разведка бўйича бошлиғи доктор Афродийнинг қамалганини "жуда қайғули кун " деб атаган.

Клинтон хоним эса, ҳукмни "оқланмаган" ва "адолатсиз", дея баҳолаган.

Бин Лодин яшаган уйга ҳужум амалиёти ва уни ўлдирилиши Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги муносабатларни совуқлаштирган.

Йирик террористик тармоқ раҳбари беш йил давомида қандай қилиб ҳарбий горнизон олдида бехавотир яшагани Покистон ҳукуматини ноқулай вазиятга қолдирган.

Покистон ҳукумати ўз мамлакат ҳудудида Америка ўтказган махфий амалиётни мустақилликка даҳл қилиш, деб қоралаган.

Бин Лодиннинг ўлимидан сўнг кўп ўтмай доктор Шоқил Афродий Покистон кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Покистон ҳукумати ҳар қандай давлат ўз фуқаросининг бошқа мамлакат разведкаси билан махфий алоқасини билгач, шундай йўл тутишини айтган.

Доктор Афродий иши Ҳайбар вилоятининг шариат маҳкамасида кўрилган.

Унга 30 йиллик қамоқ жазоси билан бирга 3500 АҚШ доллари миқдорида жарима ҳам белгиланган.

Агар бу пулни тўламаса, унга яна уч йиллик қамоқ муддати қўшилади.

Доктор Афродий маҳкама жараёнига олиб келинмаган.

Ўтган йилнинг июн ойида Покистон кучлари Америка разведкасига ёрдам берган бир неча кишини ҳибсга олган.

Улар Америка тикучарига ёқилғи қуйиш ва учувчига олов ёқиб манзилни топишга ёрдам берганликда айбланишган.

Шунингдек, доктор Афродий ҳам Абботободда кимни топиши кераклигини билганми йўқлиги, Усама бин Лодиннинг қайси қариндошидан ДНК анализи олгани ва унинг Америкага берган маълумотлари қанчалик муҳим бўлганлиги ҳам номаълум.

Америка разведкаси режасига кўра, гепатит Вга қарши эмлаш баҳонасида қон олиш орқали Абботободдаги уйда яшаётган болаларнинг Усама бин Лодинга қариндошчилигини аниқлаш лозим бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ