"Мусулмон биродарлар" сайловда ғалаба қозониши кутилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мисрликлар мамлакатнинг 5, 000 йиллик тарихида илк бор ўз раҳбарларини танлаш имкониятига эга бўлганлар.

Мисрда икки кун давом этган президентлик сайловларидан сўнг овозлар саналмоқда.

Бу сайлов мамлакат тарихидаги илк эркин сайлов бўлгани айтилган.

Ҳозирча илк натижаларгина эълон қилинган, овозларни ҳисоблаш жараёни кейинги ҳафта бошигача чўзилиши мумкин.

Бироқ "Мусулмон биродарлар" исломий партияси ўзларининг номзоди Муҳаммад Мурсийнинг олдинда бораётганини маълум қилган.

Мисрдаги сайловлар Ҳусни Муборакни қудратдан кетгизган "араб баҳори" дан сўнг 15 ой ўтиб бўлиб ўтган.

Илк эркин сайлов деб таърифланаётган жараёнда Исломий қарашдаги сиёсатчилар дунёвийларга, инқилобчилар эса, Муборак давридаги вазирларга қарши беллашишмоқда.

13 номзод ўртасида Мурсий, Мисрнинг собиқ Ташқи ишлар вазири ва Араб лигаси давлатлари собиқ раҳбари Амр Мусо, ҳамда Миср собиқ мудофаа қўмондони , намойишлар пайтида ҳукуматни бошқарган исломий мустақил номзод Абдул Абул Фотуҳ энг кучли номзодлар сифатида кўрилмоқда.

Номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплолмаса, олдинда бораётган икки номзод кейинги турга ўтади.

Пайшанба куни кечқурун "Мусулмон биродарлар" эркинлик ва адолат партияси вакили Эссам Эриан 13 сайлов участкаларидан олинган натижаларга таяниб Муҳаммад Мурсий овозларнинг катта қисмини олишига ишонч билдирган.

Ҳукумат сайлов натижаларини сешанба куни эълон қилинишини айтган.

Кузатувчилар сайлов жараёнини қониқарли, деб баҳолашган.

"Биз сайловларда ким ғолиб чиқишини билмаймиз, иккинчи тур бўлиши мумкинлигини ҳам айтолмаймиз, мамлакат президенти қандай кафолатларга эга бўлиши номаълум, парламент ва миллий ассамблея тақдири қандай кечиши ҳам ноаниқ",- деб айтган Америка конгрессининг собиқ аъзоси Жейн Ҳарман.

"Лекин мен бошқа сайловларда, жумладан Тунисда бўлган сайловни кузатганман. Мен бу ерда бутунлай бошқа манзарани кўрдим. Мисрликлар ўзларининг сайловлари билан фахрлансалар бўлади",- деб айтган Жейн Ҳарман.

Америка давлат котиби Хиллари Клинтон ҳам мисрликларни эркин сайловлар билан қутлаган ва Вашингтон "демократик сайланган ҳукумат" билан ишлашга тайёрлигини билдирган.

Мисрда 50 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган.

Сайлов комиссиясига кўра, улардан ярми сайловларда қатнашган.

2011 йил февралидан бери Мисрни бошқариб келаётган ҳарбий кенгаш халққа адолатли сайловлар ва фуқаровий ҳукуматни ваъда қилган/

Бироқ Мисрда янги конституция қабул қилинганига қадар янги сайланган президентнинг қандай ваколатларга эга бўлиши номаълум.

Шу боисдан, ҳарбийлик билан келишмовчиликлар келиб чиқиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ