BBC navigation

Вольвонинг ўз-ўзини бошқарувчи машиналари синаб кўрилди

Сўнгги янгиланиш 29 май 2012 - 14:15 GMT

Лойиҳа ҳайдовчилар учун машинани бошқаришни осонлаштиришни истайди

Ўз-ўзини бошқарувчи машиналар карвони Испания йўллари бўйлаб 200 километрлик сафарни амалга оширганлар. Бу тажриба ҳайдовчисиз машиналарнинг биринча марта шундай синовдан ўтказилишидир.

Машиналар бир-бирига арқонсиз уланган бўлиб, улар профессионал ҳайдовчи бошқарган машина ҳаракатларига "тақлид қилганлар".

Бу машиналар карвонини Вольво ширкати ихтиро қилган. Ширкат улар келажакда кенг савдога чиқарилишига ишонади.

Мазкур лойиҳа бамайлихотир ҳайдовчилик тарихидаги янги давр дея тасвирланмоқда.

Вольвога кўра, ҳайдовчилар энди машина ҳайдаётганларида "бемалол ноутбукларида ишлашлари, китоб ўқишлари ёки овқатланишлари мумкин".

"Йўл поезди" деб ҳам тасвирланаётган бу карвонга учта машина ва битта юк машинаси кирган.

Махсус жиҳатлари

"Бошқа ҳайдовчилар орасида бу карвонни бошқариш биз учун ўта ажойиб тажриба бўлди", - деб айтган Вольво лойиҳасининг менежери Линда Вельстром.

"Биз бир кун ичида 200 чақирим масофани босиб ўтдик ва синов муваффақиятли якунланди. Жуда мамнунмиз", - деди у.

Машиналарга видеокамера, радар ва лазер сезгичлар каби махсус жиҳозлар ўрнатилган бўлиб, улар ҳайдовчисиз машинага карвонбошининг ортидан юришга ва яқин атрофдаги бошқа автомобиллар билан масофани сақлашга имконият беради.

Симсиз уланган машиналар автоматик назорат ёрдамида карвон бошидаги автомобиль ҳаракатларини қайтарадилар ва ҳудди карвонбошига ўхшаб тезликни оширадилар, тормозга босадилар ёки ўнг ё чапга буриладилар.

Машиналар ўзаро 6 метрлик масофа билан соатига 85 километр тезликда ҳаракат қилдилар.

"Одамлар ҳайдовчисиз ҳайдаш фантазия деб ўйлайдилар, лекин факт шуки, бу технология аллақачон ишлаб чиқарилган. Фақат техник жиҳатдан гапирадиган бўлсак, у дуруст ишлайди ва келажакда қайсидир шаклда ҳаётга тадбиқ этилади", - деди Вельстром хоним.

Лойиҳадан мақсад кўп сонли машиналарни карвон бошидаги машинага симсиз боғлаш ва уларнинг магистраль йўллардаги махсус йўналишлар бўйлаб юқори тезликда ҳаракат қилишларини таъминлашдир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.