BBC navigation

Сурия исёнчи раҳбарлари ультиматум борасида келишмаганлар

Сўнгги янгиланиш 31 май 2012 - 12:01 GMT

Сурия исёнчилари, ҳукумат қўшилари билан солиштирганда, анча ночор қуролланганлар

Исёнчи Озод Сурия Армияси Президент Башар ал-Ассад ҳукуматига БМТнинг оташкесим режасига амал қилиш учун 48 соатлик муддат берган.

Хомсда жойлашган Озод Сурия Армияси полковниги Қосим Саадиддин агар жума куни тушгача ҳукумат томонидан ижобий ишора олинмаса, исёнчилар оташкесим режасига бўйсунмай қўйишларини билдирди.

Лекин, Озод Сурия Армиясининг раҳбари Генерал Рийод Асад сўнгроқ бу каби муддат эълон қилинганини рад қилди.

Шу кунларда Сурияда бир неча ҳафта бўлиб қайтган Би-би-си мухбири Пол Вуд мамлакатда ҳеч қандай оташкесимга риоя қилинмаётганини айтади.

Қонли ҳодисаларнинг охиргисида БМТ кузатувчилари Дейр ал-Зур шаҳрида 13та отиб кетилган жасадларни топишганини билдирганлар.

13 нафар эркакнинг қўллари орқасига қайрилиб боғланган бўлиб, баъзилари бошидан ўқ егани аниқланган.

Бу мудҳиш ҳодиса Ҳула шаҳрида 100дан ошиқ қирғин қилинган жасадларнинг топилишидан бир неча кун ўтиб содир бўлмоқда.

Полковник Саадиддиннинг ультиматуми интернетда тарқатилган видеомурожаатда янграган. Унда у ҳукумат "зудлик билан отишмани тўхтатсин, ва Сурия шаҳар ва қишлоқларидан қўшинлари, танклари ва оғир қуролларини олиб чиқсин" дейди.

"Ҳукумат, шунингдек, зудлик билан барча жабр кўрган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдами кириши учун рухсат берсин ва барча қўлга олинган одамларни озод қилсин. Режим қудратни Сурия халқи қўлига топшириш йўлида БМТ орқали жиддий ва ҳақиқий музокараларга кириши шарт", - деб айтган Полковник Саадиддин.

Лекин Генерал Асад Туркия билан чегарадан ал-Жазирага интервью бера туриб, Озод Сурия Армияси Кофин Аннаннинг режаси ва халқаро резолюцияларни амалга оширишга бел боғлаганини айтди.

"Ҳеч қандай муддат эълон қилинмаган, умид қиламизки Кофи Аннан бу режанинг муваффақиятли бўлмаганини эълон қилиб баёнот чиқаради", - деди у.

Қўшни Ливанда жойлашган Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг айтишича, Озод Сурия Армияси яхши қуролланмаган ва унинг қудрати ҳукумат қўшинларининг оғир қуроллари ва танкларига ҳеч мос келмайди.

Айни дамда АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Сурияда можаронинг янада авж олиши эҳтимоли катта экани ва жанглар энди минтақадаги қўшни давлатларга ҳам ёйилиши мумкинлигини айтди.

У БМТ Хавфсизлик Кенгаши Аннан режасидан ташқарида амал қилиши мумкинлигига ишора қилди, лекин янги ташаббус истиқболларига Россия ва Хитой тўсиқлик қилмоқда.

Россия Ташқи Ишлар Вазирининг муовини Геннадий Гатилов Москва "ҳар қандай ташқи аралашувга кескин қарши" эканини айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.