Ҳусни Муборакка чиқарилган ҳукм оммавий намойишларга сабаб бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мисрликлар маҳкама қароридан норози бўлганлар

Минглаб мисрликлар собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг ҳамкорларига чиқарилган маҳкама ҳукмига норозилик сифатида Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилишган.

Қоҳирадаги маҳкама Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ва собиқ ички ишлар вазири Ҳабиб Адлини 2011 йил бошида юз берган аксилҳукумат намойишлари иштирокчиларини ўлдиришда алоқадорликда айбдор деб топиб, бир умрлик қамоқ жазоси берилган.

Бошида Муборакка чиқарилган ҳукмдан хурсанд бўлган оломон намойишчиларни отишда айбдор кўрилган ички ишларнинг тўрт собиқ мулозими оқланганидан хабардор бўлиб ғазабга келганлар.

Қоҳирадаги маҳкама жараёнида судланувчилар қаторида Муборакнинг икки ўғли, хусусан, Муборакнинг давомчиси деб кўрилган Гамал исмли ўғли ҳам бўлган.

Аммо коррупцияда айбланган Муборакнинг ўғиллари оқланган.

Мухбирларга кўра, зўравонликларни тўхтатиб, ўзаро ярашувга сабаб бўлиши кутилаётган маҳкама қарори аксинча ёғга ўт қўйгандек бўлган.

Норозилик намойишлари Мисрнинг йирик Александрия ва Суэце шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.

Энг катта намойиш ўтган йилги инқилоб бошланиб кетган Таҳрир майдонида йиғилган.

Би-би-си мухбири Иоланда Неллга кўра, майдондаги оломон маҳкама қарорини ноқонуний деб атаган.

Намойишчиларга кўра, маҳкама ҳукми инқилобни йўққа чиқаради.

Би-би-си мухбирининг айтишича, одамлар мамлакатдаги ҳозирги сиёсий вазиятдан ҳам норозиликларини билдириб кўчага чиқишган.

Мисрликлар шунингдек, сайлов натижаларидан ҳам ҳафсалалари пир бўлганини айтишган.

"Мусулмон биродарлар" раҳбари Муҳаммад Мурсий матбуот анжуманида президентлик сайловида ғалаба қозонса, ҳукумат кучлари томонидан намойишчиларнинг ўлдирилишини қайтадан кўриб чиқилишига эришишини, шу билан бирга " маҳкама қарорини қабул қилишга тўғри келиши"ни билдирган.

Айни пайтда Миср давлат телевидениеси Қоҳира ташқарисидаги Тора қамоқхонасида жазони ўташи керак бўлган Ҳусни Муборакнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар тарқатган.

1981 йилдан 2011 йилгача Мисрни бошқарган Ҳусни Муборакка ўтган йили феврал ойида намойишчиларни отишга буйруқ берганлиги айблови учун ўлим жазоси сўралган эди.

Маҳкама собиқ президентга бир умрлик қамоқ жазоси беришни лозим деб топган.

Араб баҳори" деб номланган ҳодисалар бошланганидан буён Ҳусни Муборак шахсан жавобгарликка тортилган илк собиқ давлат раҳбаридир.

Бу мавзуда батафсилроқ