Американинг учувчисиз учоғи камида ўн кишини ўлдирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Американинг учувчисиз учоқлари ҳужумидан ўнлаб тинч фуқаролар нобуд бўлишади

Покистоннинг Афғонистонга чегарадош бўлган шимоли-ғарбий вилоятида Американинг учувчисиз учоқ ҳужумидан камида ўн киши ҳалок бўлган.

Покистон расмийларига кўра, жанубий Вазиристон вилоятидаги жангарилар жамлоғи жойлашган деб кўрилган ҳудудга тўрт ракета ҳужуми амалга оширилган.

Ҳалок бўлганларнинг исломий жангарилар эканлиги айтилган.

Айни минтақанинг Шийн Варзак туманида 2 июн куни уюштирилган шу каби ҳаво ҳужуми натижасида икки одам нобуд бўлган.

Покистон расмийларининг норозиликларига қарамасдан йиллар давомида Америка учувчисиз учоқлари Вазиристон минтақасига ҳужум қилиб келади.

Америка учувчисиз учоқларда содир этилган ҳужумларда юзлаб одамлар ўлдирилгани ҳақида аслида ҳисоб бермайди.

"Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2009 йилда Покистонда 45 та ракета ҳужуми уюштирилган.

Барак Обама президентлиги остида бу ҳужумларнинг сони 2010 йилда 101 тани ташкил этгани, 2011 йилда 64 марта ўтқазилгани айтилган.

Покистонда ракета ҳужумлари ортидан кейинги саккиз йилда 1715 дан 2680 тагача одам ҳалок бўлгани хабар қилинган.

2009 йил августида Покистон шимолига Американинг учувчисиз бошқариладиган учоғи отган ракета ҳужумида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосчиси Тоҳир Йўлдош ҳам ўлдирилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ