Сомон Йўли қўшни Андромедага қачон урилиши аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Сўнгги тадқиқотларга кўра, икки галактика - Сомон Йўли ва Андромеданинг оҳанрабо кучи бир-бирини тортмоқда ва 4 миллиард йилдан кейин улар урилиб, бир-бирига қўшилади.

Урилиш жараёни тақрибан 2 миллиард йид давом этиб, кейин улардан янада улкан ягона галактика ҳосил бўлади.

Аммо бу урилиш бизнинг қуёш тизимиз учун охирзамонни англатмаслиги мумкин.

Олимларга кўра, қуёшимиз бироз титраса-да, лекин тизимдаги биронта сайёрага шикаст етмайди.

Бироқ агар ўша вақтгача ер юзида инсон зоти яшаб қоладиган бўлса, унда рангдор ва мисли кўрилмаган фазони томоша қилиш мумкин бўлади.

Андромедани ҳали бундан минг йил олдинги юлдузбонлар кўра олишган ва уни жимирловчи нарса сифатида тасвирлашади. У бизнинг Сомон Йўли галактикамиздан 2 ярим миллион ёруғлик йили узоқлигида жойлашган. Лекин икки галактиканинг ўзаро яқинлашиши соатига 400 минг километрни ташкил этмоқда.

Лекин ҳали бу икки галактика қўшилган пайтида бизнинг қуёш тизимизда ҳаёт қандай бўлади ва ёки умуман бўладими деган саволлар ҳам турибди.

Чунки 4 миллиард йилдан кейин бизнинг қуёш ядровий ёқилғиси тугайди ва ўлиш олдидан улкан қизил юлдузга айланиб, яқиндаги сайёраларни ютиб юборади. Лекин қуёшнинг исиши ушбу воқеликдан ҳам бир неча миллион йил илгари бошланиб, Ер саёрамизда ҳаво шу даражада исийдики, унда на бир гиёҳ, на бир жонзот яшай олади.

Айрим олимлар эса агар биз қуёш қувватини энг самарали усулда ишлатиб, ҳавони совутишни ўрганиб олсак, бемалол яшаб қолишимиз мумкин, дейишмоқда.