Суриядан яна бир қирғин тасвири чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бир неча кун олдин Сурия ҳукумати кучлари Ҳулада ёш болалар дохил юздан зиёд инсонни қатл этгани даъво қилинганди

Видеотасвир Қусайр қишлоғи яқинидаги жасадларни кўрсатади. Агар бу яна янги қирғин оқибати бўлса, у ҳолда ҳукуматпараст кучлар бир ҳафта ичида учинчи бора қуролсиз одамларни қатл этган бўлиб чиқади.

Суриялик фаолларга кўра, мамлакат ғарбидаги ҳукуматпараст Шабиҳа жангарилари автобусда кетаётган 13 нафар ишчини тушириб, қатл этганлар.

Айни дамда, БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши Суриядаги зўравонликларни мубояса қилиш учун тўпланмоқда.

Кенгаш 49 нафар ёш бола дохил юздан зиёд инсоннинг қатл этилишида Сурия ҳукуматини айблайдиган.

Сурия ҳукумати эса бу қотиллик ортида қуролли исёнкор гуруҳлар турганини айтмоқда. Дамашқ расмийларига кўра, исёнкорлар шу асно хорижий кучлар аралашувига йўл очмоқчи бўлишган.

Аммо АҚШ вакиллари Сурия ҳукумати хулосасини "қип-қизил ёлғон" деб, Ҳуладаги бу одамларни исёнкорлар қатл этгани асоссиз эканини айтишмоқда.

Ҳомс яқинидаги Қусайр қишлоғидан келган сўнгги видеода эса яқиндан туриб мияси ва қорнига қараб отилган 13 эркак жасади кўрсатилади.

Ҳозирча фаолларнинг даъволари мустақил манбалардан тасдиқлангани йўқ.

Аммо яқин атрофдаги қишлоқ аҳлига кўра, шанба кунги аксилҳукумат намойишлари ортидан Сурия ҳукумати оғир қуролланган кучларни ва Шабиҳа жангариларини бу бўлгага жўнатган эди.

Олмония ва Франция раҳбарлари Сурия масаласида Россияга босим ўтказишмоқчи.

Чунки Сурияда зўравонлик давом этаркан, Буюк Британия барча йўллар кўриб чиқилишини, аммо Сурияга қуролли қўшин киритиш учун кенг миқёсдаги халқаро қўллов лозимлигини айтмоқда. Бу қўлловга эришиш учун Россия ва Хитойнинг розилиги ўта муҳим.