Афғонистондаги портлашда инсонлар ҳалок бўлган

Image caption Ҳужум одамлар билан гавжум бозорда содир этилган

Маҳаллий полициянинг Би-би-сига хабар беришича, Афғонистоннинг жануби шарқида Қандаҳор яқинидаги бозорда икки ҳудкуш ҳужуми оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган.

Портлашлар НАТОнинг базаси жойлашган Қандаҳор аэропорти яқинида содир этилган.

50 га яқин киши жароҳатланган.

Маҳаллий полиция бошлиғи Абдул Розиқга кўра, воқеа юз берган жойда одатда НАТО етакчилигидаги қўшинларга таъминот юклари ташувчи авмашиналар ҳайдовчилари йиғилишган.

Икки портлаш учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Қандаҳор Толибон фаол бўлган марказ саналади.

Афғон расмийларига кўра, охирги портлаш қурбонларининг ҳаммаси тинч фуқаролардир.

Улар орасида дўкон сотувчилари ва портлаш пайтида бозорда бўлган йўловчилар бўлишган.

Ярадорларнинг баъзилари оғир аҳволдалиги айтилган.

Вилоят ҳокими ҳодисадан кейин қилган мурожаатида, "содир этилган ҳодиса толиблар учун бегуноҳ инсонлар ҳаёти аҳамиятсиз эканлигини яна бир бор исботлади",- деган.

Генерал Абдул Розиқнинг Би-би-сига айтишича, биринчи ҳудкуш ҳужумчи мотоцикл билан юк машиналари турган жойга бостириб кирган.

Бир неча дақиқадан сўнг портлаш юз берган жойга тўпланган оломон олдида иккинчи ҳудкуш ўзини портлатган.

Би-би-си мухбири Квентин Соммервилга кўра, бу каби портлашлар Ироқ каби давлатларга хос бўлиб, Афғонистонда кам кузатилган.

Қандаҳор аэропорти шаҳардан 16 км масофада жойлашган.

НАТОнинг Афғонистон жанубидаги йирик ҳарбий базаси Қандаҳор аэропортида жойлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ