Россияда намойишларда қатнашувчиларга жарима оширилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Давлат Думаси йиғилиши 11 соатлик муҳокамадан сўнг охирги учинчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Россия Давлат Думаси намойиш тартибини бузганлик учун жарима тўғрисида қонун қабул қилган.

Сешанба куни Давлат Думаси йиғилиши 11 соатлик муҳокамадан сўнг охирги учинчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Қонун "Ягона Россия" фракцияси аъзолари овози билан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган.

Охирги учинчи ўқишда 241 депутат "рози", 147 депутат "қарши" овоз беришган.

Коммунистлар фракцияси , "Адолатли Россия" ва Либерал демократлар санкцияларни кучайтириш чораларига қарши чиққанлар.

"Адолатли Россия" фракцияси норозилик сифатида мажлис залини тарк этган.

Қонун лойиҳасига биноан намойиш тартибини бузган оддий фуқароларга нисбатан 300 минг рублгача , расмий шахслар учун энг юқориси 600 минг рублгача жарима пули белгиланган.

Россия Давлат Думасининг биринчи ўқишдаги ҳужжатида оммавий намойишлар ўтқазиш тартибини бузганлик учун энг юқори жарима расмий шахслар учун 1,5 миллион рубл, фуқароларга 1 миллион миқдорида жарима белгилаш кўзда тутилган.

Намойишлар ва ҳибслар

Россияда Владимир Путиннинг президентлик сайловларидан олдин ва ғалабасига жавобан уюштирилган оммавий намойишлар ортидан полиция намойишчиларни ҳибсга олган.

Уларнинг орасида кейинроқ озод этилган мухолифат лидерларидан Алексей Навальний, Сергей Удальцов ва Илья Яшинлар ҳам бўлган.

Сергей Удальцов ва Алексей Навальний Москвадаги Пушкин майдонига йиғилган 20.000 га яқин киши қаршисида чиқиш қилишган.

Алексей Навальний "Россияни товламачилар ва ўғрилар бошқараётгани"ни айтиб, фақат намойишчиларгина уларни тўхтата олишлари мумкинлигини баён қилган.

Пушкин майдонидагисига ҳамоҳанг Манежная майдонида Владимир Путинни қўллаб, қарийб 14.000 киши иштирокида намойиш ўтказилган.

Бу мавзуда батафсилроқ