Шинжондаги мактабда портлаш юз берган

Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Шинжондаги диний мактабда содир этилган портлашда 17 киши, жумладан 12 бола жароҳат олган.

Портлаш маҳаллий полициянинг чоршанба куни "ноқонуний" мактабларга уюштирган амалиёти вақтида рўй берган.

Хитойликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чет эллик гуруҳларига кўра, қуролли кучлар кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Яраланган болалар " енгил куйиш" билан жароҳатланишган.

Хитой матбуоти берган хабарга кўра, полиция яна 54 кишини қутқазган.

Ҳукумат вакилларига кўра, уларни Ҳотан шаҳридаги кўп қаватли уйда жойлашган Қуръон ўрганиш марказига келадиган болаларнинг ота-оналари огоҳ этишган.

Полиция воқеа жойига келганда ёнғин бошлангани айтилган.

Шинжоннинг қариийб ярим аҳолиси туркий тилга мансуб, маданий ва этник алоқалари Марказий Осиёга боғлиқ уйғурлардир.

Хитой ҳукумати Шинжонда радикал мусулмонлар томонидан ташкил қилинган уюшган террористик гуруҳлар борлигини айтиб келади.

Айни пайтда, уйғур фаоллари минтақада расмий Пекиннинг шавқатсиз бошқарувидан норозиликларини билдиришади.

Хитой ҳукумати фақатгина бир нечта лицензиялик диний мактабларнинг фаолиятига рухсат берган.

Яқин вақтдан буён расмийлар "ноқонуний" деб билган диний мактабларга қарши кенг кўламли ҳаракатни бошлаган.

Ўтган ойда Қашғарда ноқонуний диний ўқитувни йўлга қўйган 19 кишига олти йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилган, деб хабар беради Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи ўтган асрнинг 90 йилларида этник зўравонликларга саҳна бўлган.

2009 йилда ҳам ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра, 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган.

2009 йилда Урумчида йирик этник қатлам ҳисобланган мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Би-би-си мухбирига кўра, ушбу ҳодисалар ортидан Хитой ҳукумати минтақага катта пул тўкиб, ҳар қандай бўлгинчилик кайфиятларини бостиришга уринади.

2011 йил июлидаги тўқнашувларда 32 киши ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ