Британия: Энди қизини мажбуран эрга берганлар қамалади

Image caption Кимга турмушга чиқиш қиз боланинг шахсий ҳуқуқи эканини тарғиб этувчи кампаниялар олиб борилади

Британияда жорий этилажак янги қонунга мувофиқ, мажбурий никоҳлар жиноят саналиб, қизини ихтиёрига қарши турмушга узатган ота-оналар қамалади.

Бу ҳақда Британия Ички ишлар вазири Тереза Мей (Theresa May) маълум қилган.

Янги қонун қабул қилиниши ортидан, Англия, Уэльс ва Шимолий Ирландияда мажбурий никоҳлар жиноят саналади.

Шотландияда эса, бу каби қонун аллақачон амал қилади.

Агар расмий рақамларга қаралса, йилига 8.000 тагача қиз ўзи истамаган ҳолда оила қуради.

Бироқ, фаолларга кўра, мажбурий никоҳларни биратўласига жиноят сирасига киритиш қурбонларни қийин аҳволда қолдириши мумкин.

“Улар бунинг оқибатида ўз дардларини ичларига ютишга мажбур бўлишади”, дейишади фаоллар.

Британия Бош вазири Девид Камероннинг айтишича эса, янги режага қўл уришдан олдин бу каби хавотирларни инобатга олишган.

Унга кўра, “Мажбурий никоҳ эҳтимолий қурбонларини олдиндан аниқлаш, бу куйга тушганларини ҳимоя этиш ва қаерда бўлмасин, бу каби жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган муфассал чора-тадбирлар ишлаб чиқилган”.

Аён бўлишича, янги қонунда қизининг розилигисиз амалга оширилувчи мажбурий никоҳ билан аввалдан келишиб, қилингани орасидаги фарқ аниқ белгилаб қўйилади.

Девид Камерон бундан аввал мажбурий никоҳ “қулликдан деярли фарқ қилмаслиги” ва “мутлақ янглиш амал” эканини айтганди.

Бунинг ортидан, Бош вазирнинг сўрови билан Британия Ички ишлар вазирлигида бошланиб кетган консультациялар март ойидагина ўз ниҳоясига етган.

Мавжуд қонунчилик

Вазир хонимнинг сўзларига кўра, мажбурий никоҳ ҳолларини олдиндан аниқлаш учун мактаблар ва бошқа ташкилотларга ёрдам тариқасида 500.000 фунт стерлинг ажратилади.

Кимга турмушга чиқиш қиз боланинг шахсий ҳуқуқи эканини тарғиб этувчи кампаниялар олиб борилади.

Шотландияда ўтган ноябр ойида худди шундай қонун жорий этилган ва маҳкамаларга мажбурий никоҳ хавфи остида бўлганларни ҳимоя қилиш ваколати берилганди.

Маҳкаманинг қарорига зид иш тутганларга эса, икки йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилганди.

2008 йилдан бошлаб, Англия, Уэльс ва Шимолий Ирландиядаги фуқаровий маҳкамалар ҳам мажбурий никоҳ ҳолларининг олдини олиш ва қурбонларни ҳимоя этиш ваколатига эга бўлишган.

Аммо бу ҳолатда айбдорлар маҳкама ҳукмига итоат этмаганлик мазмунида жавобгарликка тортилиб, икки йилга қамалишлари мумкин бўлган.

Мажбурий никоҳ ҳолларига қарши фаолият олиб борувчи “Фридом” ташкилоти янги чора-тадбирларни хуш қаршилаган.

Ташкилот асосчиси Анита Премнинг айтишича, “Мажбурий никоҳлар инсон ҳуқуқларининг ҳимоясиз қолаётган бузилиш ҳолатидир ва улар қизларнинг олиб қочилиши, зўрланиши ҳамда қотилликлар билан якунланиши мумкин”.

Унга кўра, “Мажбурий никоҳ ҳолларининг жиноят сирасига киритилиши – одамларга Англияда бу каби ҳолатга ортиқ тоқат қилинмаслиги ва унга қарши кескин чора кўрилишини жиддий равишда англатиб қўяди”.