Пан Ги Мун: Сурия фуқаролар уруши хавфи остида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Суриядаги охирги зўравонликлар " инсониятга қарши жиноятга тенг",- деган БМТ бош котиби

Сурия фуқаролар уруши гирдобига кириб кетишидан сақланиши мумкинми, Ҳуладаги қирғин ва бошқа содир этилаётган қотилликлар дунё ҳамжамиятини жиддий хавотирга солмоқда ва вазиятга таъсир ўтказувчи сиёсий, ўзаро музокара жараёнларини бошлаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Сурия можаросида ягона ярашув йўли, назарий жиҳатдан бўлса ҳам Сурия ҳукуматига озгина таъсир ўтказа олган, Кофи Аннаннинг тинчлик режаси бўлиб қолмоқда.

Бироқ, БМТ бош котиби Пан Ги Мун Сурия ҳукумати БМТ тинчлик элчиси Кофи Аннаннинг зўравонликни тўхтатишга қаратилган тинчлик режасига амал қилмаётганлигини билдирди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилган Пан Ги Мун журналистларга Сурия фуқаролар уруши ёқасида турганини айтган.

БМТ бош котиби дунё ҳамжамияти Кофи Аннан таклиф қилган тинчлик режасидан воз кечмаслигини таъкидлаган.

Сешанба куни Кофи Аннаннинг Дамашқда Башар-ал Ассад билан музокаралари самара бермаган.

Кофи Аннан Сурия президентидан тинчлик режасининг олти бандига амал қилининишига жиддий қарашини сўраган.

Жумладан, апрел ойида оғир қуроллар ва ҳукумат кучларини аҳоли яшаш жойларидан олиб чиқилиши ҳақидаги келишувга қарамасдан бу режа амалга ошмаган.

Башар ҳукуматида жангарилар ҳосил қилган бўшлиқда мамлакатда ўз назоратини йўқотишдан хавотир пайдо бўлган.

Жаноб Аннан мухолифат ярашувни ҳурмат қилишини, чегарадан қурол-яроғларнинг ноқонуний оқиб келинишини тўхтатиш кераклигини айтган.

Пайшанба куни Суриянинг марказий қисмида жойлашган Қубайр қишлоғида 78 кишининг қатлиом қилингани маълум бўлган эди.

Сурия мухолифати оммавий қотилликларда ҳукуматга алоқадор кучларни айблаган, расмий Дамашқ бу қирғинни "террористлар" амалга оширганини даъво қилган.

Пан Ги Мунга кўра, ҳодисадан бир неча соат ўтиб, Қубайр қишлоғига бормоқчи бўлган БМТ кузатувчилари отишмага дуч келганлар, бироқ ҳеч кимга шикаст етмаган.

Кофи Аннан ва Араб Лигаси бош котиби Набил Арабий билан ҳамкорликда ўтқазилган матбуот анжуманида жаноб Пан Ги Мун Хавфсизлик Кенгаши "бир ёқадан бош чиқариши" муҳимлигини таъкидлаган.

Суриядаги охирги зўравонликлар " инсониятга қарши жиноятга тенг", - деган БМТ бош котиби.

Кофи Аннанга кўра, "можарода қуролланишнинг кучайиб бораётганлиги мислсиз фожеага олиб келиши мумкин".

Кофи Аннаннинг Хавфсизлик кенгашига Суриядаги зўравонликларни тўхтатиш учун янги гуруҳ ташкил этиш ҳақидаги таклифи қанчалар самара бериши аниқ эмас.

Айни гуруҳга Хавфсизлик кенгаши аъзолари ва минтақадаги муҳим давлатлар кириши керак.

Би-би-си мухбири Барбара Плетнинг айтишича, Америка бошчилигидаги ғарб давлатлари Сурияга нисбатан аниқ ҳаракатлар кўрилиши лозимлигини илгари суришган, Россия ва Хитой можарони янада чуқурлаштиришини таъкидлаб, ҳар қандай ташқи аралашувга кескин қарши чиқишган.

Россияга кўра, мамлакатга ҳар қандай ташқи аралашув вазиятни янада чигаллаштириши, тескари натижа бериши, ҳатто фуқаролар урушини ҳам бошланиб кетишига олиб келиши мумкин.

Суриянинг яқин иттифоқчиси бўлган Россиядан Башар Ал-Ассад ҳукуматига босим ўтказиш, БМТ тинчлик режасига амал қилишига эришиш сўралмоқда.

Дамашқнинг маҳаллий аҳолисига шабиҳа милицияси шаҳар марказида шафқатсиз зўравонликларни олиб бораётганидан гувоҳлик берган.

Тўлиқ алавийлардан ташкил топган шабиҳачилар фаолияти алавийлар ва суннийлар ўртасида курашни кучайтирган.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун ҳам "секталар ўртасидаги можаро урушга айланиб кетса , қўшни Ливандаги каби уни ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайди",- деган.

Суриядаги можароларнинг оқибатлари нафақат мамлакатнинг ўзига , балки бутун минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкинлигидан , вазият исталган дақиқада издан чиқиб кетиши эҳтимолидан хавотирлар ошмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ