БМТ расмийси: 'Сурия ички уруш ичида'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

БМТнинг тинчликпарвар амалиётлар бўйича раҳбари Сурия ички уруш ичида экани ва ҳукумат шаҳарлар "йирик бўлаги" назоратини қўлдан берганини айтган.

Мазкур қараш илк бор расман қайд этилмоқда.

Херве Ладсоуснинг изоҳлари қамал остидаги Ҳаффа шаҳарчасига киришга уринган БМТ кузатувчилари ҳужумга тутилиши ортидан янграмоқда.

Айни пайтда АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Россияни Сурия ҳукуматига вертолётлар етказиб бераётганликда айблаган.

Унинг айтишича, ушбу қадам "қарама-қаршиликларни анчайин кучайишига хизмат қилиши мумкин".

Россия эса, Сурияга жўнатилган қурол-яслаҳалар у ердаги зиддиятларга алоқаси йўқлигини таъкидлайди.

'Кузатувчиларга ҳужум атайин уюштирилган'

БМТнинг тинчликпарвар амалиётлар бўйича раҳбари Ладсоус жаноблари Ҳаффа яқинидаги БМТ кузатувчиларига қарши ҳужум атайдан уюштирилганини айтган.

Кичик сондаги журналистлар гуруҳи Сурия ички уруш ичидами йўқлиги ҳақида сўраркан, жаноб Ладсоус: "Ҳа, ўйлашимча, биз шундай айта оламиз", дея жавоб берган.

"Сурия ҳукумати ҳудуднинг катта бўлагини, бир қатор шаҳарларни мухолифатга бой берди ва энди назоратни қайта қўлга олишни истайди", деб қўшимча қилган БМТ расмийси.

Сурия ҳукумат кучлари Ҳаффа атрофида тўпланаётгани борасида хабарлар келган, БМТ ва Қўшма Штатлар эса, у ерда зўравонликлар кучайиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

БМТ кузатувчилари душанба куни Ҳаффага етиб боришга уринишган, бироқ бунга муваффақ бўлиша олмаган.

Ташкилот воизига кўра, сешанба куни ҳукумат кучлари кузатувчиларни шаҳарга киришдаги сўнгги нуқтадан ўтказишган, аммо улар вазиятни "хатарли" дея баҳолаб, ортга қайтишган.

Воизнинг маълум қилишича, кузатувчилар қайтиб кетишаётган маҳал ғазабнок оламон уларга тош ва метал буюмлар отишган, кейин эса, номаълум ҳужумчилар тарафидан ўт очилган. Бирон бир кузатувчига зиён етмаган.

Би-би-сининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги мухбири Барбара Плетга кўра, жорий ҳафта нафақат ҳукумат ҳарбий амалиётлари, балки мухолифат тарафидан ҳам ҳужумлар кучайиши ҳақида гапирилмоқда.

Ой бошларида фаоллар Сурия кучлари Ҳомс вилоятининг Ҳоула минтақасида 108 кишини, Ҳама вилоятидаги Қубайр қишлоғида 78 инсонни ўлдиришгани ҳақида хабар беришган.

Сурия ҳукумати эса, зўравонликларда хориждан дастакланаётган қуролли террорчиларни айблайди.

Бу мавзуда батафсилроқ