Миср ҳарбийлиги ўзини йирик қудрат билан сийлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи i

Мисрнинг иқтидордаги ҳарбий кенгаши ўзига катта қудрат берувчи конституциявий декларацияни тасдиқдан ўтказди.

Шанба куни Миср парламенти тарқатиб юборилганди. Қуролли Кучлар Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган янги ҳужжатга биноан энди доимий конституция ишлаб чиқилмагунга қадар умумий сайловлар ўтказиш мумкин бўлмайди.

Шунингдек, ҳужжат ҳарбийликка мамлакат бюджетни назорат қилиш, қонун чиқариш ва янги конституцияга вето қўйиш имкониятини бериши хабар қилинади.

Мухолифат ҳарбий кенгаш тасдиқлаган декларацияни зудлик билан давлат тўнтариши сифатида баҳолаб, қоралаб чиқди.

Таниқли сиёсатчи Муҳаммад ал Барадий ҳарбий кенгаш қабул қилган ҳужжатни "демократия ва инқилобда жиддий ортга чекиниш", дея таърифлади.

Президентликка собиқ номзод Ҳамдеен Сабаҳи эса, декларацияни "Миср келажагининг ишғоли" деб атаган.

Овозлар саналмоқда

Куни кеча ўтган президентлик сайловлар овозларини санаш давом этаркан, "Мусулмон биродарлар" номзоди Муҳаммад Мурси ғолибликни даъво қилмоқда.

Барча овоз бериш шаҳобчаларидаги санаш жараёнларини кузатаётган Мурси тарафдорлари у 52 фоиз овоз тўплаганини айтишади.

Қоҳирада берган матбуот анжуманида жаноб Мурсининг ўзи барча мисрликлар номидан иш тутиш истагида эканини айтган:

"Барчамиз Мисрнинг биродарларимиз, ушбу мамлакат ҳаммамизники, барчамиз тенг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга эгамиз", деган Муҳаммад Мурси ўз сўзида.

Аммо, жаноб Мурсининг ғалабаси рақиб номзод Аҳмад Шафиқ тарафидан рад этилган. Шафиқ жанобларининг ёрдамчиси Маҳмуд Фарраг сўнгги натижалар эълон қилинмагунга қадар ғолибликни даъво қилиш нотўғри эканини айтган.

"Биз бирон бир натижани эълон қилишга шошаётганимиз йўқ. Чунки, бу натижаларни фақат сайловлар бўйича маъмурият эълон қилади", деб айтган Маҳмуд Фарраг

Би-би-си мухбири Жон Лейнга кўра, ҳозир Мисрда чуқур бўлинишларни кузатиш мумкин ва барча аломатлар янги йирик тўқнашувларга ишора бераётгандек.

Бу мавзуда батафсилроқ