Яманда юқори мартабали армия генерали худкушлик ҳужумида ўлдирилди

Ҳужумчи Генерални олиб кетаётган машинага ўзини отиб, танасидаги портловчи воситаларни ишга солган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужумчи Генерални олиб кетаётган машинага ўзини отиб, танасидаги портловчи воситаларни ишга солган

Яман расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги жангариларга қарши амалиётларга етакчилик қилаётган армия қўмондони худкушлик ҳужумида ҳалок бўлган.

Генерал Салим Али Қатан Аден бандаргоҳ шаҳрига кираётган маҳал худкуш ҳужумчи томонидан нишонга олинган

Яман ҳукумати жанубдаги айрим ҳудудларда назорат ўрнатган Ал-Қоидага алоқадор жангариларига қарши курашмоқда.

Армия яқинда мамлакатнинг нотинч жанубий минтақасида жойлашган Абян вилоятидаги жангарилар таянч нуқталарини қайта ишғол қилганди.

Яман Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Генерал Қатан ҳужумга дуч келган маҳал учта автомобилдан иборат карвонда кетаётган бўлган. Ҳужумчи Генерални олиб кетаётган машинага ўзини отиб, танасидаги портловчи воситаларни ишга солган.

Вазирликка кўра, Қўмондон жон таслим қилган, тўрт соқчи ва ўша атрофда бўлган одамлардан бири жиддий яраланган.

Яман Мудофаа вазирлиги ҳужумчи Сомали фуқароси эканини айтган, бироқ бошқа тафсилотларни бермаган.

Ахборот агентликларидан бирининг Яман жангариларидан иқтибос келтиришича, Генерал Қатан жанубда олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар боис нишонга олинган.

Генерал Қатан ўтган март ойида янги Президент Абдраббуҳ Мансур Ҳади қудратга келганидан кўп ўтмай, қўмондон этиб тайинланганди.

'Катта йўқотиш'

Яман армияси юқори мартабали қўмондони ва Генерал Қатаннинг яқин ёрдамчиси Али Мансур унинг ўлимини "Яман учун катта йўқотиш" дея таърифлаган.

Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича шарҳловчиси Франк Гарднер ҳам: "Генерал Қатанга қарши суиқасд - Яман ҳукумати учун икки ҳисса зарба", дейди.

Жануб бўйича ҳарбий қўмондон Ал-Қоида кучларини тор-мор қилишга қаратилган ҳарбий амалиётларга бошчилик қилаётганди.

Ал-Қоидага алоқадор исёнкорлик ва бўлгинчилик Яман жанубида йиллардан бери давом этиб келади. Мухбирларга кўра, жангарилар назоратлари остидаги ерларни армияга бой бераётганларига қарамай, ҳамон ҳужум қила олиш қудратига эга эканларини кўрсатишмоқда.

Яқинда амалга оширилган амалиётлар чоғи Яман армияси Шуқра, Зинжибар ва Жар шаҳарчалари назоратини қайта қўлга киритганди.

Қўшма Штатлар ҳам ҳукуматнинг жангариларга қарши саъй-ҳаракатларини дастаклаш учун бир гуруҳ ҳарбий маслаҳатчиларини Яманга жўнатган.

Бу мавзуда батафсилроқ