Россия ва АҚШ Президентлари Суриядаги зўравонликни тўхтатишга даъват қилдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мексикадаги учрашувда Россия ва АҚШ президентлари Суриядаги зўравонликларни тўхтатишга даъват қилдилар.

Владимир Путиннинг қайта Россия президенти этиб сайланганидан сўнг биринчи бор АҚШ Президенти билан юзма-юз учрашувида Сурияликлар ўз келажакларини ўзлари ҳал қилишлари кераклигига ишонишларини изҳор этганлар.

Шу вақтгача АҚШ ва Россиянинг Суриядаги вазиятга мавқелари турлича эканлиги айтиб келинганди.

Россия ва Хитой икки маротаба БМТнинг Сурия борасида ишлаб чиқилган резолюциясига вето қўйгандилар.

Иккала давлат ҳам ташқи босим ёрдами билан ҳукуматни қудратдан ағдариш қабул қилиб бўлмас ҳолат, дея ҳисоблайдилар.

Барак Обама ва Владимир Путиннинг юзма-юз учрашувлари Мексикада ўтаётган жаҳоннинг энг йирик 20 давлати раҳбарлари саммити мобайнида юз берди.

Икки соат давом этган учрашувдан сўнг жаноб Обаманинг айтишича, жаноб Путин билан бирга БМТ, халқаро маҳсус вакил Кофи Аннан ва бошқа ҳамма манфаатдор томонлар билан Суриядаги можарога ечим топиш йўлида биргаликда ишлашга келишиб олганлар.

Жаноб Путин эса икки давлат Сурия борасида "анчагина умумий нуқталарни" кашф этганликларини билдирди.

Учрашув натижасида чиқарилган кўшма баёнотда Суриядаги қон тўкилишининг олдини олиш учун ҳамма томонларни зудлик билан оташкесим ўрнатишга даъват янграган.

Айни вақтда Россия Суриядаги фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида у ерга икки ҳарбий кема юбораётгани ҳақида тасдиқланмаган ҳабарлар келмоқда.

Айтилишича, бу икки кема Суриядаги Россия фуқароларини ҳимоя қилиш билан бирга лозим бўлган тақдирда Тартусдаги ҳарбий денгиз базасидан жиҳозларни ҳам олиб чиқиб кетиши мумкин.

Би-би-си таҳлилчиларига кўра, ба хабар тасдиқлангудек бўлса Россия Суриядаги қудрат ўзгариши эҳтимолига қарши эҳтиёт чораларига қўл ураётганлигини англатиши мумкин.

Зўравонликлар давом этмоқда

Суриядаги фаолларнинг айтишларича, зўравонликлар давом этмоқда ва яна камида 52 киши ўлдирилган.

Ҳомс ва Дамашқ атрофидаги Дума дохил қатор шаҳарларда артиллерия ҳужумлари кузатилган.