Миср собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг аҳволи оғирлашгани айтилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Маҳкама Ҳусни Муборакни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган

Қоҳирадан келаётган хабарларга кўра, собиқ президент Ҳусни Муборакнинг аҳволи жиддий ёмонлашган.

Баъзи ахборот воситалари Муборак клиник ўлим остида экани ҳақида ёзган.

Nile телекомпаниясининг хабар беришича, собиқ президентнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳаракатлари давом этмоқда.

Хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб тарқатилаётган хабарларга кўра, Муборак кома ҳолатида ва сунъий нафас олиш мосламасига уланган.

84 ёшли Ҳусни Муборакнинг инсульт бўлганлиги ва қамоқхонадан ҳарбий шифохонанинг жонлантириш бўлимига ўтказилгани хабар қилинган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, уни ҳаётга қайтариш учун бир неча марта дефибриллятор ишлатишга тўғри келган.

Би-би-си мухбири Жон Лайннинг хабар беришича, илгари бу каби хабарлар тасдиғини топмагани учун мисрликлар собиқ президентнинг соғлиғи ҳақидаги гапларга бироз киноя билан қарашади.

Бироқ Би-би-си мухбирига кўра, бу галги хабарлар ишончли манбалардан олинмоқда.

Сешанба куни тунда Маади ҳврбий касалхонаси олдида собиқ президент тарафдорлари ва мухолифат аъзолари тўпланишган.

Бир аёл мухбирларга Ҳусни Муборакни доим яхши кўрганлигини айтган.

Муборакнинг расмини кўтариб олган бошқа бир эркак эса, уни ўз отасидан ҳам қаттиқ ҳурмат қилганлигини билдирган: "Мусулмон биродарлар" жиноятчилар. Улар мамлакатни хароб қилишди. Муборак Мисрда 30 йил тинчликни сақлаб турди",- деб айтган у.

Муборакка қарши бўлган кишилардан бири " Биз камбағалмиз. У халқ учун ҳеч қандай яхши иш қилмади",- деб бақирган.

Бошқаси эса, " Мен оёқ кийимим билан унинг қабрини тепкилашга тайёрман",- деб айтган.

Қўзғолонлар

Мисрдаги қўзғолонлар ортидан Ҳусни Муборак қудратдан кетқизилган.

2012 йил июнида маҳкама собиқ президентни намойишчиларнинг ўлимида айбдор деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Қамоққа олинганидан буён Муборакнинг соғлиғи ҳақида турли хабарлар тарқалган, бироқ кўпчилиги тасдиғини топмаган.

Айни пайтда ўн минглаб кишилар Ҳарбий кенгашнинг хизмат ваколатларини кенгайтириш қарорига норозилик билдириб Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилишган.

Би-би-си мухбирининг айтишича, намойишчилар Ҳусни Муборакнинг соғлиги ҳақидаги хабарларни ҳам диққат билан кузатишмоқда.

Намойишга чақирган "Мусулмон биродарлар" га кўра, ўтган сайловларда уларнинг номзоди Муҳаммад Мурсий ғалаба қозонган.

Унинг рақиби собиқ бош вазир Аҳмад Шафиқ ҳам ўзининг ғалабаси ҳақида билдирган.

Сайлов натижалари пайшанба куни эълон қилинади.

Ҳали сайлов кетаётган пайтда Миср Ҳарбий кенгаши парламентни тарқатиб, ҳукуматни бошқарувини ўз зиммасига олганини эълон қилган.

Фаолар кенгашнинг бу қарорини "Ҳарбий тўнтариш" деб атаган.

Бу мавзуда батафсилроқ