Миср халқи янги президентини билиб олиш учун яна кутадиган бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Миср Олий Президентлик Сайлов Ҳайъати иккинчи босқич сайлов натижаларини бугун - пайшанба куни эълон этмасликка қарор қилди.

Сайлов ҳайъатининг айтишича, номзодларнинг шикоятларини ўрганиб чиқиш учун кўпроқ вақт лозим бўлади.

Миср Олий Президентлик Сайловлари Ҳайъати кеча чоршанба куни ҳар икки номзод тўрт юзга яқин шикоят билан чиқишганини маълум қилганди.

Ўз ўрнида, ҳайъат якуний сайлов натижаларининг аниқ қачон эълон қилиниши ҳақида миқ этмаган.

Оммавий-ахборот воситаларидаги хабарларда эса, ғолибнинг шу дам олиш кунларида эълон этилиши тахмин этилмоқда.

Президентлик сайловларида ҳам "Мусулмон биродарлиги" вакили Муҳаммад Мурсий ва ҳам мамлакат собиқ Бош вазири Аҳмад Шафиқ ғолиб чиққанликларини даъво этишмоқда.

Қоҳирадаги мухбирларимизга кўра, Миср сиёсий ва конституциявий жиҳатдан боши берк кўчага кириб қолгандек кўринади.

Муносабат

"Мусулмон биродарлиги" гуруҳи воизи Нодир Омраннинг айтишича, сайлов натижалари бекор кечиктирилган.

Воизга кўра, бу - одамлар орасида тангликни янада кучайтириши мумкин.

Ўз ўрнида, минглаб мухолифат тарафдорларининг "Таҳрир" майдонидаги норозилик чиқишлари ҳам давом этмоқда.

"Мусулмон Биродарлиги"нинг айтишича, сайлов натижалари эълон қилинмагунча, ўз намойишларини давом этдиришади.

Намойишчилар Миср ҳарбийлари конституцияга тузатиш киритиб, ўзларига бериб юборган чексиз ваколатларини ҳам топшириб қўйишини талаб этишмоқда.

Акс-садо

Қоҳирада бўлган мухбиримизнинг айтишича, сўнгги хабар Мисрда сайлов натижалари бекор қилинармикан ёки сохталаштирилармикан, деган гап-сўзларни кучайтирган.

"Агар сайловларда "Мусулмон Биродарлиги" ғолиб чиққан бўлса, гуруҳ билан шунча йиллик урушлардан кейин, масъуллар қудратни уларга беришлари ҳақида ҳам шубҳалар пайдо бўлган", дейди мухбиримиз.

Мисрни ўттиз йилдан ортиқроқ бошқарган собиқ президент Ҳусни Муборак эса, касалхонада оғир аҳволда ётгани айтилади.

Аммо расмийлар унинг аҳволи борасида ҳануз чурқ этиб оғиз очишгани йўқ.

Мухбирларимизга кўра, Мисрда Муборакнинг соғлиғи ёмонлашди, деган хабарлар одамларни сайлов натижаларидан чалғитиш учун қилинган иш эмасмикан, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ