Муаммар Қаддофийни истаганча мақтанг, жавобгарликка тортилмайсиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливия Олий маҳкамаси бу хусусдаги зиддиятли қонунни бекор қилди. Энди Ливия собиқ раҳбари, марҳум полковник ва унинг режимига ҳамду санолар ёғдирсангиз, жиноий жавобгарликка тортилмайсиз.

Мухбиримизнинг айтишича эса, ўтган ой қабул қилинган янги қонун аксарият ливияликларга хуш келган.

Аммо маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ундан норози бўлишган.

Фаолларга кўра, қонун одамларнинг ўз фикрларини эркин ифодалаш ҳуқуқларига зид бўлган.

Улар худди шундай даъво билан Олий маҳкамага расман мурожаат қилишган.

Сўнгги хабарларга қаралса, маҳкама уларнинг талабларини қондирган.

Фаолларнинг айтишларича, бу каби қонунлар моҳиятан демократияга зид бўлгани учун ҳам фақат собиқ тузумнинг олқишланишига хизмат қилади, холос.

Янги қонунда, яна шунингдек, ўтган йилги инқилоб ва унинг иштирокчиларини ҳақоратлаш, “аҳоли кўнглига ваҳима ва тушкунлик солувчи” хабарларни тарқатиш ҳам тақиқланган бўлган.

Қонунбузарларни эса, 3 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси кутган.

Ливиядаги мухбиримизнинг айтишича, Олий маҳкама қарори мамлакат суд тизимининг мустақил эканига далолат қилувчи камдан-кам мисоллардан биридир.

Қаддофий ўтган йил октябр ойида Миллий Ўтиш Кенгаши тарафдорлари томонидан ота шаҳри Сирт яқинида қўлга олиниб, ўлдирилган эди.

Ливиялик масъуллар полковник Муаммар Қаддофийни ўзлари ўлдирганликларини рад этиб келишади.

Қатор нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари эса, унинг ўлими юзасидан мустақил, мукаммал ва холис тергов ўтказилишига даъват этишганди.

Дунёнинг нефтга бой давлатларидан бўлмиш Ливияда 42 йил ҳукмронлик қилган Муаммар Қаддофийнинг ўлими жаҳон бўйлаб турли акс-садоларга сабаб бўлганди.

Кимларнингдир наздида у ўз қилмишларига яраша ҳақли ўлим топган золим диктатор бўлса, бошқалари учун мамлакатининг табиий бойликлари учун қурбон бўлган ва адолатсиз ўлим топган халқ қаҳрамонидир.

Бу мавзуда батафсилроқ