BBC navigation

Брейвик маҳкамаси оилалар зални тарк этиши билан якунланган

Сўнгги янгиланиш 22 июн 2012 - 14:26 GMT

Брейвик сиёсий ишончлари туфайли жиноят содир қилгани ва шу сабабдан руҳан соғлом эканини даъво қилади.

Норвегияда Андерс Бейринг Брейвик устидан ўтган маҳкама қурбонлар оиласининг маҳкама залидан чиқиб кетишлари билан ниҳоясига етган. Оилалар Брейвикнинг ўз ҳужумларини асослаб беришга уринишига қарши норозилик тарзида шундай йўл тутганлар.

Брейвик ўтган июлда 77 одамни нимага ўлдирганини изоҳлаб бериш учун нутқини бошлашга шайланганда, 30дан ошиқ киши зални тарк этган.

У мусулмонлар ишғолини тўхтатиш учун қотилликларга қўл урганини айтиб, ўзини руҳий соғлом дея тан олиниши ва айбдор деб топилишини сўради.

Кузатувчиларга кўра, Брейвик ўзининг ҳеч қандай мақсадсиз амал қилган телба дея тасвирланишини истамайди.

Ҳакамлар 24 августда ҳукмни эълон қиладилар. Прокурорлар Брейвик руҳий носоғлом деб топилишини талаб қилишмоқда.

Брейвикнинг ҳимоячиси ўз мижози жиноятларига экстремал сиёсат сабаб бўлганини айтган.

Маҳкаманинг охирги кунида ҳужумлардан бевосита шикастланган қатор одамларнинг кўрсатмалари янграган.

33 ёшли Брейвик 22 июлда Ослодаги ҳукумат биноларига қарши бомба ҳужумларини уюштириш ва Утойя оролидаги лагерда Лейбористлар партиясининг ёш аъзоларини отиб ўлдириш орқали 77 кишини нобуд қилиш ва 242 нафарини жароҳатлаганини ўз бўйнига олган.

Маҳкамада Брейвик 45 дақиқа давомида нима учун ҳужумларни амалга оширгани ҳақида гапирган, бироқ бу телевидение ё радио орқали узатилмаган.

Аввал тайёрланган нутқини ўқиб эшиттирар экан, у Норвегияда ўзи ҳуш кўрмайдиган ҳар қандай жиҳатларни санаб ўтган: улар орасида Овронигоҳ кўрик танловида асли этник норвегиялик бўлмаган иштирокчиларга Норвегияга вакиллик қилиш ҳуқуқини бериш, "Секс ва шаҳар" телесериалининг ахлоқий жиҳатлари, ҳамда мусулмонлар сонининг кўпайиб бораётгани тилга олинган.

Мусулмонлар орасидаги туғилиш кўрсаткичларидан иқтибос келтириб, Брейвик Норвегия "кўп маданиятли дўзах"га айланишининг олдини олиш учун ҳужумларни уюштирганини айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.