Саудиялик аёллар илк бор Олимпия Ўйинларида иштирок этишади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Саудия Арабистони расмийлари мамлакат тарихида илк бор хотин-қиз спортчиларга миллий терма жамоа таркибида Олимпиада Ўйинларида қатнашишларига рухсат берган.

Уларнинг қарори Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларига саноқли ҳафталар қолган бир пайтда янграмоқда.

Саудия Арабистонидаги кўплаб анъанадор мусулмонлар хотин-қизларнинг спорт беллашувларида иштирок этишларига бутунлай қаршилар.

Аммо энди мамлакат масъулларининг айтишларича, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.

Уларнинг сўзларидан аён бўлишича, Лондон Олимпиада Ўйинларига оз вақт қолгани учун ҳам, миллий терма жамоа сафида биттагина аёл спортчи бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Далма Рушдий Малхас ҳозирча Саудия Арабистони Олимпия терма жамоаси сафидаги ягона аёл спортчидир

Далма Рушдий Малхас от спорти бўйича мусобақаларда илк бор ўз кучини синаб кўради.

Лекин, масъулларга кўра, қолган хотин-қиз спортчиларида ҳам Олимпиадада иштирок этиш имконияти бор.

Ва агар бу ҳуқуқни қўлга киритишса, "ўз иффатларига путур етказмайдиган либосда" бўлишади.

Яъни, саудия арабистонилик хотин-қиз спортчилар кенг, баданларига ёпишиб турмайдиган махсус либос ва фақат сочларини ёпиб турувчи спорт ҳижобида бўладилар.

Саҳна ортида кураш

Хотин-қиз спортчиларининг Олимпиада Ўйинларида қатнашишларига рухсат бериш - Саудия Арабистони учун олдинга қўйилган муҳим бир қадам.

Чунки мамлакатдаги аксарият ҳануз хотин-қизларнинг жамият ҳаётида фаолроқ ўрин тутишларини исташмайди.

Саудия Подшоҳи Абдулла эса, гоҳида жадаллик, гоҳида эса, секинлик билан мамлакатда ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишга уриниб келмоқда.

Бундан бор-йўғи икки ой бурун ҳам кўпчилик саудиялик масъуллар анъанадор диндорларнинг сўзларига учиб, хотин-қизларнинг спорт беллашувларидаги иштирокларига қўйилган тақиқни бекор қилмайди, деган ишончда бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аммо сўнгги ҳафталарда подшоҳ Абдулла бошчилигида саҳна ортида қизғин муҳокамалар кечган ва шу ой ўрталарига келиб, улар ижобий бир қарорга келишган.

Саудия Арабистони подшоҳи узоқ йиллардан бери жамият ҳаётида мамлакат хотин-қизларининг ролини кучайтиришга тарафдорлик қилиб келади.

Хабарлардан аён бўлишича, сўнгги қарор ҳам Жиддада ўтган махфий йиғин чоғида подшоҳ, валиаҳд шаҳзода, ташқи ишлар вазири, диний жамоат раҳбари ва Бош муфтий томонидан келишиб, берилган.

Бу ҳақда ўша пайтнинг ўзида расман эълон қилиниши режаланган эса-да, валиаҳд шаҳзода Найефнинг кутилмаган ўлими уларнинг режаларини ортга суриб юборган.

Саудиялик масъулларга кўра, хотин-қизларининг Олимпиада Ўйинларида иштирок этишларига қўйилган расмий тақиқ халқаро саҳнада чиройли кўринмаган.

Бу - Саудия подшоҳлик оиласининг анъанадор диндорларнинг хоҳишларига қарши бориб, илк бор хотин-қизларнинг ижтимоий роли ҳақида ижобий қарор бериши эмас.

Дейлик, 60-йилларда Саудия Арабистонида телевидениега рухсат бериб, сўнгроқ ўлдирилган подшоҳ Файзал ҳам қизларнинг ўрта таълим олишлари тарафдори бўлган.

Унинг шарофати билан бугун Саудия Арабистонида мактаб битирувчилари орасида ўғил болалардан кўра, қизларнинг сони кўп экани айтилади.

Ўқувчиларимиз мулоҳазалари

Abdulloh

Musulmon ayollarining mana bunday Olimpiyadada ishtirok etishini oldinga siljish deyish xato va ahmoqlikdur. Buni orqaga ketish deydi. Chunki Islom jamiyatida ayol juda ham ehtiyot qilib, hurmat bilan muomala qilinadi, har xil ko'zdan saqlanadi. Va bu ayollar Islom farzandining onalari bo'ladi. Aksincha, hozir Islomdan boshqa yo'llarda ayollar xor. Ular reklama vositasi, fohishaxonalar, tungi klublar....Xullas, mana shunday joylarning bekasidur. Islom ayollarini hamma ko'zi bilan tomosha qilib turadigan erkak ayol aralash joylarda qatnashishi bu ayollarning xorlikka qadami bo'ladi. Qirol Abdulloh isloh qilayothani yo'q, u Islomni buzayabti. Lekin islomdan boshqa toifalar uchun ''isloh'' qilayapti.

Abdulrashid, Boston

Fikringizga qo'shilaman, lekin yigitlarning yarim yalang'och holda kurash tushishi Islomdanmi? Ayolmi, erkakmi, o'z tanasini nomahram ko'zdan asrashi kerakmasmi?

Ismsiz

Abdulloh birodar, g'amgin bo'kmang, Olimpiadaga bormoqchi bo'lgan ayoldan musulmon, itoatli ayol u yerga bormaydi.

Бу мавзуда батафсилроқ