Маҳкама: ‘Ёш болаларни суннат қилиш – танга озор беришга тенг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Олмония маҳкамаси болани суннат қилиш - унинг танига озор бериш эканини айтмоқда

Олмония маҳкамаси диний урф-одатларга мувофиқ ёш болаларни суннат қилишни танга озор беришга тенг амал, деб топган.

Олмон маҳкамасининг ҳукми яҳудий ва мусулмон жамоалари орасида қаҳру-ғазабга сабаб бўлган.

Аммо, маҳкаманинг айтишича, боланинг жисмоний дахлсизлик ҳуқуқи диний ва ота-она ҳақларидан устунроқ туради.

Олмония маҳкамасининг бундай қарор билан чиқишига шифокор томонидан суннат қилинган тўрт яшар гўдакнинг аҳволи ёмонлашиб қолгани сабаб бўлган.

Олмонияда йилига минглаб мусулмон ва яҳудий болалари суннат қилинади.

Мамлакатда хотин-қизларнинг суннат қилиниши ноқонуний саналса-да, ўғил болаларники қонунан ман этилмаган.

Маҳкама ҳукмида, яна шунингдек, суннат қилиш “боланинг ёши улғайиб, қайси динга эътиқод қилиш истак-хоҳишига ҳам зид амал” экани айтилади.

'Диний эркинликни ҳимоя этинг'

Маҳкама ҳукми унга қатъиян амал қилинишини кўзда тутмайди ва аҳволи оғирлашиб қолган болакайни суннат қилган шифокор ҳам оқланган.

Бироқ, мухбирларга кўра, бошқа олмон маҳкамалари ҳам қарор берганидан ўрнак олишлари мумкин.

Олмония Яҳудийлар Марказий Кенгаши президенти Дитер Громаннинг айтишича, “бу – диний жамоаларнинг ички ишларига мислсиз ва драматик бир тарзда аралашувдир”.

Жаноб Громанн мамлакат парламентини “диний эркинликни ҳужумлардан ҳимоя этиш учун” ушбу масалага қонуний жиҳатдан ойдинлик киритишини сўраган.

Яҳудийлик ва Исломда кўзда тутилган суннат амали қадимий диний урф-одатларга бориб тақалади.

Бошқа давлатлар, жумладан, Америка Қўшма Штатларида ҳам ота-оналарининг тиббий сабаблар туфайли ўз болаларини суннат қилдиришлари кам учрайдиган воқеълик эмас.

Олмониядаги мухбиримиз Стивен Эванснинг айтишича, бу масалада кейинги ҳуқуқий қадамнинг қандай бўлиши маълум эмас.

Аммо, мухбиримизга кўра, ушбу муаммо – ахлоқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда қалтисларидан биридир.

Бу мавзуда батафсилроқ