Японияда атом реакторини ишга туширилишига қарши намойишлар бўлиб ўтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишларда 200 мингга яқин киши иштирок этган

Якшанба куни Япония ҳукумати 2011 йил мартида зилзила ортидан келиб чиққан цунами туфайли жиддий зиён кўрган Фукусима АЭСидаги атом реакторини биринчи бор қайта ишга солишни мўлжаллаган.

Маҳаллий вақт билан кечки соат 9 да АЭСнинг №3 "Охи" реактори ўз ишини қайтадан бошлайди.

Шу электр станциянинг яна бир реактори 14 июлда очилиши айтилган.

Реакторларнинг қайтадан иш бошлаши ҳақида қарор Япония бош вазири Ёсихико Нода томонидан қабул қилинган.

Жаноб Нодага кўра, атом энергетикасига қайтиш мамлакат иқтисодини изга солиш ва мамлакатда юзага келган электр тақчиллигига барҳам бериш учун зарур.

Ҳукуматнинг бу қарори мамлакат тадбиркорлари томонидан олқишланган.

Чернобил ҳалокатидан кейин атом энергетика соҳасида энг жиддий деб айтилган "Фукусима"даги портлашдан сўнг Япониянинг барча 50 атом реакторларида иш бирин-кетин тўхтатилган эди.

Бундан мамлакатдаги ишлаб чиқариш соҳасига жиддий зарар етиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлган.

"Охи" япон реактори очилишидан сўнг Япония ҳукумати бошқа реакторларнинг фаолиятини ҳам бошлашни кўриб чиқилишини маълум қилган.

Бироқ Охи реакторини қайтадан ишга тушириш кўп сонли норозилик намойишига сабаб бўлган.

Япония бош вазирининг Токиодаги қароргоҳи қаршисида минглаб кишилар йиғилишган ва " Атом реакторлари қайтадан очилмасин" деган сўзларни айтиб қичқиришган.

Намойишчиларга кўра, Япония электр энергияси олишнинг бошқа хавфсиз йўлларини кўриб чиқиши керак.

41 ёшли намойишчи Тайсуке Коно полициянинг қаршилигига қарамасдан тун бўйи атом электрстанцияси олдида қолишга қарор қилганини билдирган.

" Хиросима ва Нагасаки ядро бомбаланишига қарамасдан Япониянинг атом энергиясига қайтганини қандай тушуниш мумкин",- деган Тайсуке Коно Франс пресс агентлигига.

"Биз учун энг муҳими Ерни кейинги авлод учун тоза ва чиройли қилиб қолдиришимиз зарур. Бунинг учун атом энергиясига муносабатни ўзгартириш, бошқа йўлларини қидириб топиш муҳим",- деб айтган Би-би-сига бошқа бир намойишчи Нобухико Шудо.

Ташкилотчиларнинг айтишича, намойишларда 200 мингга яқин киши иштирок этган.

Бу мавзуда батафсилроқ