Покистон АҚШга таъминот йўлини қайта очишга рози, буёғи нима бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистон Афғонистонда жойлашган НАТО бошчилигидаги қўшинларга юкларни ташиш учун ўта муҳим бўлган транзит йўлларини қайта очиб беради.

Вашингтон ва Исломободнинг маълум қилишича, бу қарорга АҚШ ўтган ноябрда 24 Покистон аскарини ўлдиргани учун кечирим сўраши ортидан эришилган.

Мазкур қарор Афғонистондан чиқиб кетишга шайланаётган АҚШ учун юз миллионлаб долларни тежаб қолишга ёрдам беради.

Покистон бу билан АҚШ ва бошқа НАТО давлатларининг Покистон билан муносабатлари яхшиланишига умид қилишини билдирди.

Янгилик юзага чиқиши биланоқ Покистондаги Толибон НАТО карвонларига ҳужум қилишини айтиб, таҳдид қилди.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон бу қарор ҳақида покистонлик ҳамкасби Хина Раббоний Хор билан телефон суҳбати ортидан маълум қилди.

“Мен нобуд бўлган покистонлик аскарларнинг оилаларига чин дилдан таъзия изҳор қилдим”, - деди Клинтон хоним ўз баёнотида.

Марказий Осиё масаласи-чи?

Аммо шу ой бошида Нато Афғонистондаги минглаб ҳарбий жиҳозларини олиб чиқиб кетиш борасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан расман келишувга имзо чекканини билдирганди.

Эришилган битимлар НАТОга ўзаро муносабатлари сўнгги йилларда кескин ёмонлашиб кетган Покистоннинг ёрдамидан фойдаланмасликка имкон берарди.

НАТО Бош котиби Андерс Фох Расмуссен шу ой ўрталарида Афғонистонга Покистон орқали транзит йўли "яқин келажакда" очилишига умид билдирганди.

Чунки Афғонистондан чиқиб кетишни режалаётган НАТО бу борада кўпроқ танловга эга бўлиш истагида.

Покистон орқали ўтувчи йўлакнинг қайта очилишида масаланинг молиявий томон ҳам катта роль ўйнайди.

Хабарларга кўра, шимолий Марказий Осиё таъминот йўли жанубий транзит йўлига қараганда камида икки баробар қимматга тушади.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, жанубий таъминот йўлининг очилиши НАТО ва АҚШга ҳар томонлама ўнғай бўлади.

"Бу АҚШ ва НАТО учун ниҳоятда муҳим қарор. Яъни икковлон Афғонистонда тўпланиб қолган катта сондаги ҳарбий ускуналарни Покистон бандаргоҳлари орқали денгизга олиб чиқиши ва бу ердан кемалар ёрдамида тўғридан-тўғри ўз ҳудудларига етказишлари мумкин. Умумлаштириб айтганда эса, Покистон орқали ўтувчи транзит йўли улар учун тезроқ, арзонроқ ва ҳар хил сиёсий олди-бердилардан анчайин холи танлов бўлади", дейди Лондондан таҳлилчи Жон МакКартни.

Транзит тўловлари

Етти ой давом этган можаро икки томон ҳам бўш келишни истамагани туфайли АҚШ-Покистон алоқаларига ўта салбий таъсир қилган.

Можаро ўтган йили ноябрда АҚШ учоқлари афғон чегарасига яқин ҳудуддаги икки постга ҳаводан ҳужум қилиб, 20дан ортиқ аскарни ўлдириши билан бошланди.

Ҳужум ортидан афғон расмийлари НАТО кучлари Покистон тарафидан отилган ўқларга жавобан ўт очганини айтишганди, бироқ Покистон буни рад қилган.

Покистон орқали ўтадиган транзит йўли 2014 йилда Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишга тайёрланаётган АҚШ учун ўта муҳимдир.

Хабарларга кўра, энди АҚШ Покистон армиясига 1 миллиард доллар кўмак пулини бериши мумкин.

Ўз баёнотида Клинтон хоним: “Ташқи Ишлар Вазири Хор ва мен Покистон аскарлари ўлимига етаклаган хатоларни тан олдик. Биз Покистон ҳарбийлари бошига тушган талофатлар учун кечирим сўраймиз. Бу яна қайта такрорланмаслиги учун биз Покистон ва Афғонистон билан яқиндан ишлашга бел боғлаймиз”, - деб айтди.

Исломобод йўллар қайта очилганда, транзит тўловлари нархини оширмаслигини билдирган.

АҚШ расмийларига кўра, ҳозиргача бир юк машинаси учун тўлаб келинган 250 долларлик тўлов ўзгармай қолади.

Лекин, Вашингтон юклар ўтиши қайта йўлга қўйилиши учун Покистоннинг бир контейнер учун 5 минг доллар сўраши ортидан, унга рози бўлган.

Алоқалар яхшиланганми?

Би-би-си мухбири Ким Ғаттаснинг хабар қилишича, Вашингтон узоқ вақт кечирим сўрашдан бош тортиб келди, чунки америкаликлар орасида Афғонистонда Покистоннинг жосуслик агентлигига алоқаси бўлган жангари гуруҳлар ҳужумидан нобуд бўлган кўплаб америкалик аскарлар ўлими туфайли қаттиқ ғазаб мавжуд.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотдан аввалроқ Покистон Бош Вазири Ража Парвиз Ашраф бу можаро ўз мамлакатининг АҚШ ва бошқа 49та НАТО аъзолари билан алоқаларига қаттиқ шикаст етказганини айтган.

АҚШ кечирими ортидан Покистоннинг Вашингтондаги элчиси Шерри Раҳмон ўзаро алоқалар энди “яхшироқ ўрин”га чиқишига умид қилишини билдирди.

“Мен икки мамлакат ҳам кўплаб муҳим масалалар, айниқса, минтақага тинчликни олиб келиш бўйича бир ёқадан бош чиқарганларига ишонаман”, - деди Шерри Раҳмон.

Можаро давом этаётган вақт мобайнида АҚШ Покистонга қарамлигини озайтириб, Марказий Осиё орқали ўтадиган қиммат транзит йўлидан фойдаланди.

Афғонистондаги НАТО қўшинларининг америкалик қўмондони Генерал Жон Аллен транзит йўлларининг қайта очилиши “Покистоннинг Афғонистон ва минтақа учун порлоқ келажакка эришиш истагида эканидан далолат беради”, - деб айтди.

Генерал Аллен ўтган олти кун ичида Исломободда иккита музокара ўтказган.

Апрел ойида Покистон парламенти АҚШ билан муносабатлар бўйича янги йўл-йўриқларни ишлаб чиққан, лекин АҚШ ноябр ҳужуми учун ҳеч қандай шартларсиз кечирим сўрашини ва дрон ҳужумларини тўхтатишини талаб қилган.

Ўзаро ёмонлашган алоқалар икки ой аввал Чикагода бўлиб ўтган НАТО саммитига ҳам қора соя солди – мухбирларга кўра, унда Президент Барак Обама покистонлик ҳамкасби Осиф Али Зардорий билан кўришишдан бош тортди.

АҚШ ва Покистон ўртасидаги муносабатлар 2011 йилда ўта таранглашганди. Бунга асосан Покистонда май ойида ал-Қоида раҳбари Усамо Бин Лодиннинг ўлдирилиши сабаб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ