Покистон: ғазабланган оломон шаккокликда айбланган кишини ёқиб юборган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қисқа вақтда минглаб сондаги оломон полиция идораси ёнида тўпланган.

Покистонда минглаб сондаги ғазабланган одамлар Қуръонни ёққанликда айбланиб ҳибсга олинган шахсни полиция идорасидан чиқариб олганлар, уни калтаклаб ўлдирганлар, жасадини ёқиб юборганлар.

Ҳодиса Покистон марказидаги Панжоб вилоятининг Бахавалпур шаҳрида рўй берган.

Бахавалпур полицияси етакчи зобити Муҳаммад Азҳар Гужарнинг айтишича, ўлдирилган шахс руҳий соғлом деб кўрилмаган.

Одамлар у Қуръон саҳифаларини кўчага отди, дея хабар беришганидан кейин полиция уни ҳибсга олган ва полиция учаскткасида сўроқ қилинаётган бўлган.

Савол-жавоб бўлаётган пайтда айрим одамлар масжиднинг овоз кучайтиргичларидан эълон беришни бошлаган, одамларни полиция участкасига бориб шаккокни жазолашга чақирганлар.

Полиция зобитига кўра, бир соат ўтар-ўтмас полиция идораси олдида минглаб кишилар тўпланган ва бу одамни ўзларининг қўлига топширишни талаб қилганлар.

Полиция айбланган шахсни ҳимоя қилишга уринган, бироқ оломон зўравонликка қўл урган.

Бир неча полиция автомобили ёқиб юборилган, бир неча полициячи жароҳатланган.

Полициячилардан бирининг айтишича, оломон йўлларни тўсиб олган, қўшимча полиция кучлари етиб келишига тўсқинқлик қилган.

Ўлдирилган шахснинг мусулмонми ёки бу ҳудудларда истиқомат қиладиган покистонлик насронийлар жамоаси аъзоларидан бўлганми, номаълум.

Унинг исми-шарифи ошкор этилмаган.

Полициячилардан бирининг айтишича, ҳибсдалиги пайтида у фақат кулган ва қўшиқ айтган.

Мухбирларга кўра, ушбу ҳодиса Покистондаги шаккоклик ҳақидаги қонуннинг баҳсталаб эканига яна бир эътиборни қаратган.

Қонунга биноан, Ислом пайғамбари ва Қуръонни ҳақоратлаган ҳар қандай шахс ўлим жазосига ҳукм этилиши лозим.

Бироқ аксар ҳолларда одамлар савол-жавобсиз ўзларича жазолашга интиладилар.

Покистон полицияси инсон ўлими юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган.