BBC navigation

Викиликс Сурия борасидаги "уятли" ҳужжатларни ошкор қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 6 июл 2012 - 07:55 GMT

Викиликс Суриядаги можарони тушуниб етиш билангина уни ҳал қилиш мумкинлигини айтади

Махфий ҳужжатларни ошкор қиладиган Викиликс вебсайти Суриянинг сиёсий арбоблари, вазирликлари ва ширкатларига тегишли икки миллиондан ортиқ электрон мактубларни чоп қилмоқда.

Викиликснинг хабар қилишича, "Сурия ҳужжатлари"дан олинган "қақшатқич" хабарлар келгуси икки ой давомида ошкор қилинади.

Сайтнинг асосчиси Жулиан Ассанж ҳужжатлар нафақат Сурия, балки унга мухолиф томонларни ҳам уятга қўйишини айтган.

Электрон мактублар 2006 йил августидан 2012 йилнинг мартигача бўлган давр ичида ёзилган.

Сурия ҳукумати 16 ойдирки мамлакат ичидаги исёнга қарши курашиб келмоқда. Фаолларга кўра, 15,800 одам нобуд бўлган.

Яширин мактублар

Лондонда журналистлар саволларига жавоб берган Викиликс вакили Сара Ҳаррисон ошкор қилинадиган мактублар Суриянинг президент девони, ташқи ишлар, молия, ахборот, нақлиёт ва маданият вазирликларидан жўнатилганини билдирди.

"Улардаги маълумот иқтидордаги Баас партиясининг энг юқори даражали мулозимларининг шахсий мактубларидан тортиб Сурия вазирликларидан бошқа давлатларга юборилган молиявий тўловларни ўз ичига олади", - деди Ҳаррисон хоним.

Жаноб Ассанжнинг ўзи Лондондаги Эквадор элчихонасида қолмоқда. У жинсий зўравонлик ва жинсий тажовуз айблари билан Швецияга экстрадиция қилиниши хавфи туфайли Эквадор элчихонасидан бошпана сўраган.

Лекин, Ҳаррисон хоним Жулиан Ассанждан иқтибос келтириб, бу маълумотлар "бизга нафақат бир ё бошқа гуруҳни танқид қилишга, балки уларнинг манфаатлари, қилаётган амаллари ва ўй-фикрларини тушунишга ёрдам беради. Биз бу можарони тушуниш билангина уни ечишга ёрдам беришимиз мумкин", - деб айтди.

Викиликснинг ваъда қилишича, 2,434,899та электрон мактублар "Ғарб ва Ғарб ширкатлари оммага бир гапни айтиб, аслида қандай амал қилишлари"ни ошкор қилади.

Мактубларга асосланган хабарлар қатор хабар агентликлари, жумладан Ассошиэйтед Пресс, Испаниянинг Publico.es сайти ва Мисрнинг ал-Масри ал-Юм нашрлари томонидан чоп қилинади.

Аллақачон чоп қилинган баъзи хабарларда афтидан Сурия ҳукумати вакилларига ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган жиҳозларнинг Ғарб ширкатлари томонидан етказиб берилиши борасида ҳавотирлар изҳор қилинади.

Париждаги учрашув

Айни дамда Парижда Сурия бўйича ўтаётган учрашувда АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ўз иттифоқчиларини Россия ва Хитойдан Президент Башар ал-Ассад режимига дастакларини тўхтатишни талаб қилишга ундаган.

Унга кўра, Москва ва Хитой жаноб Ассаднинг қўллаб-қувватлаш эвазига ҳеч нимага эришмайди, ҳамда уларнинг тутаётган йўли номақбулдир.

Сурия Дўстлари дея ном олган 100дан ошиқ давлатлар учрашувида Суриядаги зўравонликларни тўхтатиш учун қандай чоралар кўрилиши йўлида янги ҳаракатлар қилинмоқда.

Россия ва Хитой учрашувга қатнашмаяпти.

Пайшанба куни Сурия режимининг юқори даражали аъзоси Туркияга қочиб ўтгани аниқ бўлган.

Ҳукуматпараст Syriasteps веб саҳифаси Генерал Манаф Тлас "қочиб қолган"инини айтган, бироқ бу ҳодиса "муҳим эмас" деган.

Манбалар Генерал Тласнинг Туркияга ўтганини Би-би-сига тасдиқлаганлар. Лекин, у ҳақиқатан ҳам ўз ҳукуматидан юз ўгиргани аниқ эмас.

Агар тасдиқланса, у 16 ой аввал бошланган исён давомида Президент Ассаддан воз кечган энг нуфузли мулозим бўлади.

Март ойида унинг қочгани борасида чиққан хабарлар нотўғри бўлиб чиққанди.

Республика Қўриқчилари аъзоси бўлмиш Генерал Тлас собиқ Сурия мудофаа вазирининг ўғлидир. У ёшлигида жаноб Ассад билан ҳарбий таълим олган.

Санкциялар талаби

Париждаги учрашув Тунис ва Истанбулда ўтган тадбирларга ўхшаб Ассад режимига қарши қаттиққўлроқ чораларни талаб қилади.

АҚШ ва унинг ғарблик иттифоқчилари кўрфаз мамлакатларидан глобал санкциялар борасидаги талабларга фаолроқ қўшилишга ундашлари кутилади.

Бироқ, БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето овозига эга бўлган Россия ва Хитой учрашувда йўқлар.

Учрашувни очар экан, Франция Президенти Франсуа Олланд можарони тўхтатиш "инсоний ва сиёсий зарурат" эканини айтган.

"Бу можаро халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид сола бошлади, ва биз бундан тўғри хулоса чиқаришимиз керак", - деб айтган у.

Халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид ҳақида гапира туриб, жаноб Олланд БМТ низомининг 7-бобига ишора қилган. Бу боб ҳарбий куч ишлатиш имконига изн беради.

БМТ дипломатлари, жаноб Ассад БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннаннинг сиёсий ўзгаришлар борасидаги режасига бўйсунмаган ҳолда, Сурия билан амалга ошириладиган савдо алоқаларига чекловлар киритишни кўзловчи ҳужжат устида ишламоқдалар.

Ўтган ҳафта Аннан жаноблари эълон қилган режа Сурияда муваққат ҳукумат тузилишига имкон беради.

Ғарб давлатлари жаноб Ассад Сурия ҳукуматидан четлатилиши керак деб ишонадилар, лекин Аннан режаси Ассадга янги муваққат раҳбар номзодига қарши вето қўллаш ҳуқуқини беради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.