Россияда нодавлат ташкилотлари 'хорижий жосус' саналиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия Думаси янги қонун лойиҳасини аксарият овоз билан маъқуллаган

Россия парламенти сиёсий фаолиятда банд ва четдан молиявий ёрдам олувчи ноҳукумат ташкилотларининг "хорижий жосус" сифатида рўйхатдан ўтишларини талаб этишни кўзда тутган қонун лойиҳасини дастаклаган.

Аён бўлишича, бу икки жумла ноҳукумат ташкилотларига тегишли барча ҳужжатларга илова этилади.

Расмий Кремлга кўра, янги қонун Россия ички сиёсатини ташқи аралашувлардан ҳимоя этиш учун лозим.

Бироқ лойиҳа танқидчиларининг иддао этишларича, масъуллар қонунни мамлакатдаги ўзгачафикрлиликни бўғиш учун фойдаланишлари мумкин.

Янги қонунга мувофиқ, четдан молияланувчи ва сиёсат билан шуғулланувчи барча ноҳукумат ташкилотларининг молиявий тафтишдан ўтишлари ва йилига икки маробата ўз фаолиятлари юзасидан ҳисоб беришлари тақозо этилади.

Ушбу тартиб-қоидаларга риоя этмаганлари эса, йирик миқдордаги жаримага тортилишлари ёки, ҳатто, икки йилга қамалишлари ҳам мумкин.

Ташқи аралашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Михаил Федотов янги қонун лойиҳаси борасида энг аввало жамоатчиликнинг фикри ўрганилиши лозим эди, дейди

Янги қонун лойиҳаси кеча жума куни Россия парламентининг қуйи палатаси (Дума)да овозга қўйилганди.

323 вакилдан аксарияти уни ёқлаб овоз беришган. Тўрт вакил қарши ва яна бири бетараф мавқеъда қолган.

Аммо лойиҳа қонун кучини олиши учун яна икки ўқишдан ўтиши, парламент олий палатаси томонидан маъқулланиши ва президент Владимир Путин томонидан имзоланиши лозим.

Инсон ҳуқуқлари бўйича президент кенгаши раҳбари Михаил Федотов эса, Россия Думасидан овоз беришларни кечиктириб туришларини сўраганди.

Унга кўра, парламентда муҳокамага қўйишдан аввал, қонун лойиҳаси борасида жамоатчилик ҳам ўз сўзини айтиши лозим эди.

Янги қонунга бош-қош бўлган президент Путиннинг "Ягона Россия" партиясининг даъво этишича, бошқа хорижий ҳукуматлар сиёсий ўзгаришлар олиб кириш мақсадида Россиядаги ноҳукумат ташкилотларидан фойдаланишмоқда.

Танқидчилар эса, Кремлни вос-восга тушиб қолганликда айблаб, келтираётган иддаоларини рад этишмоқда.

Уларга кўра, мамлакат расмийлари фуқаровий жамиятни бўғиш ва "жосус қўрқуви"ни кучайтиришнинг кетидан тушишган.

Россияда яқинда бўлиб ўтган парламент ва президентлик сайловларидаги қаллобликлар ҳақидаги далилларни ҳам четдан молияланувчи "Голос" ноҳукумат ташкилоти тақдим этганди.

Ўша пайтда ҳам Россия ҳукумати нодавлат ташкилотларини мамлакатдаги вазиятга таъсир қилишга уринишда айблаб чиққанди.

Сайлов хавотирлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption "Голос" ноҳукумат ташкилоти Россиядаги сўнгги сайловларда йўл қўйилган қаллобликлар ҳақидаги далилларни тақдим этганди

"Голос" раҳбари Лилия Шибанованинг огоҳлантиришича, янги қонунга мувофиқ, сайловларни кузатиш ҳам сиёсий фаолият саналиши мумкин.

"Агар иш шундай бўладиган бўлса, бу - ҳуқуқий масала. Бунга халқаро ҳамжамият ҳам эътибор қаратиши жоиз. Агар Конституцион Маҳкама уни синчиклаб ўрганиб чиқмайдиган бўлса, биз Страсбург маҳкамасигача борамиз", деб айтган Шибанова хоним Дума спикери бошчилигида ўтказилган муҳокамада.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўйича етакчи нодавлат ташкилотларидан бўлган Москва Хельсинки Гуруҳи ҳам янги қонун лойиҳасини қоралаб чиққан.

Гуруҳ раҳбари Людмила Алексеева ташкилоти "ҳеч қачон хорижий жосус сифатида қайддан ўтмаслиги"ни айтган.

Россияда 230.000 дан ортиқ ноҳукумат ташкилотларининг борлиги айтилади. Аммо улардан аксариятининг сиёсатга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Мухолифат фаолларидан Борис Немцовнинг айтишича, янги қонун "Голос", "Амнести Интернейшнл" ва "Транспэренси Интернейшнл" каби ташкилотларнинг фаолиятларига ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ