Афғонистон АҚШнинг 'НАТОга аъзо бўлмаган энг йирик иттифоқчиси' бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистон АҚШнинг НАТОга аъзо бўлмаган энг йирик иттифоқчисига айлангани хабарини Клинтон хоним Кобулга аввалдан хабар қилинмаган сафари пайтида эълон қилган.

Қўшма Штатлар Афғонистонга "НАТО аъзоси бўлмаган йирик иттифоқчи" мақомини берган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Афғонистонга олдин хабар тарқатилмаган сафари чоғида эълон қилган.

"Мен бугун Президент Обама Афғонистонни Қўшма Штатларнинг НАТОдан ташқаридаги йирик иттифоқчиси этиб расман тайинлаганини мамнуният билан эълон қиламан. Биз буни Афғонистон келажаги учун масъул эканлигимизнинг кучли рамзи сифатида кўрамиз," - деди Ҳиллари Клинтон.

Айни имтиёз Афғонистонга Америка билан ҳарбий соҳада узоқ йиллар ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Айни мақомни Америка яна Австралия, Миср ва Исроилга ҳам берган.

АҚШ Давлат котибаси Клинтон хоним Токиода Афғонистонга бағишланган хорижий донорлар анжуманининг очилишига бир кун қолганда Кобулга сафар қилган.

Токио анжумани 2014 йилда хорижий кучлар чиқиб кетгач, Афғонистонга қандай ёрдам бериш масаласини мубоҳиса этиши кутилмоқда.

"Бугун менинг йўллайдиган гапим жуда оддий: Афғонистон ўтиш даврида турибди, мамлакат ўзи ёлғиз қолаяпти. У ёрдамга муҳтож ва биз ёрдам беришга ваъда бердик. Биз Афғонистон билан кўпроқ халқаро ёрдам олиши учун ҳамкорлик қиламиз. Мен Токиода бўлажак анжуманда кўтарилажак масалалардан мамнунман. Аммо унутманг, Қўшма Штатлар сиз билан дўст ва шерик бўлиб қолади. Биз Афғонистонни якка ташлаб қўйишни умуман тасаввур қилганимиз йўқ. Аксинча - биз Афғонистон билан узоқ келажакни кўзлаган шерикликни кўзлаяпмиз," деди Ҳиллари Клинтон.

Токиода 8 июл куни бошланадиган анжуман Афғонистонга ҳар йили тақрибан 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратиш масаласини муҳокама этади.

Шу йил май ойида Чикагода учрашган НАТО раҳбарлари келаси йил ўрталаридан бошлаб, масъулиятни афғон кучларига топшириш режасини маъқуллашганди.

2014 йилги сафарбарлик ортидан эса, Афғонистонда фақат ҳарбий тайёргарлик мақсадларида ҳарбий бўлмаган бўлинмаларнинг қолиши айтилади, холос.

Шу боис, бу каби сафарбарлик Афғонистонни яна бошбошдоқликлар гирдобига ташлайди, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Хўш, Америка тақдим этган сўнгги мақоми Афғонистон учун нимани англатади?

Би-би-си ушбу саволни Лондондан ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерсга берди.

Пол Рожерс: Сўнгги янгилик Афғонистон учун Америка билан яқин ва узоқ йиллик ҳамкорликни кўзда тутади. Яъни, томонлар ҳарбийларни тайёргарликдан ўтказиш ва мудофаа масалаларида яқиндан иш олиб боришади. Бундан ташқари, янги мақоми Афғонистонга Америкадан маълум имтиёзлар билан қурол-яроғ сотиб олишига йўл очади. Буларнинг ҳаммаси бир ерга жамланганда, янги мақоми томонларнинг амният соҳасида бундаён буёғига ўта яқиндан ҳамкорлик қилишларини англатади.

Би-би-си: Пол, сизнинг назарингизда, Америка нега айнан ҳозир бунга қарор қилиб қолди? Бундан расмий Вашингтон кўзлаётган мақсадлар нима бўлиши мумкин?

Пол Рожерс: Афғонистондаги амният билан боғлиқ вазият қандай бўлишидан қатъиназар, Америка мелодий 2014 йилгача катта сондаги ҳарбийларини ортга сафарбар этишга аҳд қилган. Фақатгина эҳтимолий йирик зўравонлик ҳолларини назорат этиш учун муайян сондаги қўшинларини Афғонистонда қолдирмоқчи. Шунинг учун ҳам, ҳозир Афғонистонга "Нетога аъзо бўлмаган энг йирик иттифоқчи" мақомини бериш билан, Афғонистонни узоқ келажакда ҳам ташлаб қўймасликларига ишонтирмоқчи.

Би-би-си: Янги мақоми Америкадан маълум имтиёзлар билан қурол-яроғ сотиб олишга имкон бергани билан, иқтисодининг аҳволи назарда тутилганда, Афғонистон бу яқин келажакда бунга қодир бўлармикан?

Пол Рожерс: Агар жорий пайт назарда тутиб айтиладиган бўлса, умуман бунга қодир эмас. Дейлик, Афғонистондаги ички амниятни таъминлаш учун тўрт биллион, мамлакат тараққиётини юксалтириш учун ҳам яна шунча миқдорда хорижий ёрдам керак бўлади. Шундай экан, Афғонистон ўз бошича четдан қурол сотиб олишга умуман қодир эмас. Шунинг учун ҳам, Америка дохил бошқа хорижий давлатлар сотиб олиб берган қурол-яроғларга эҳтиёж сезади.

Би-би-си: Пол, у ҳолда Афғонистонга бу мақомнинг нима кераги бор?

Пол Рожерс: Америка бу билан фақат хорижий қўшинларнинг сафарбарлиги ортидан ҳам, Афғонистонда амниятни қарор топтиришда кўмак беришга тайёрлигини кўрсатмоқчи, холос. Яъни, ўз манфаатларига мувофиқ тарзда, Афғонистонда катта сондаги қўшинларига эга бўлмай туриб, бу ишни амалга оширишни режалаяпти.

Би-би-си: Америка сўнгги бор бундай мақомни Афғонистон масаласида йирик минтақавий ўйинчилардан бири бўлган Покистонга берганди. Ҳар икки қўшни давлатнинг бундай мақомга эга бўлиши, узоқ келажак назарда тутиб айтиладиган бўлса, икковлон орасидаги тангликнинг янада кучайишига хизмат қилмайдими?

Пол Рожерс: Албатта шундай бўлиши мумкин. Покистон Ҳиндистоннинг Афғонистондаги роли ва таъсирининг кенгайишидан хавотирга тушиб қолган. Агар улар ҳам ўзларини Афғонистон масаласида ўз сўзларини айтишга имконли ҳис этишса, ҳаммаси хайрли бўлиши мумкин. Аммо сўнгги йилларда Покистон ва Америка орасидаги алоқаларга жиддий дарз етган. Фақат сўнгги уч-тўрт кун ичида ўзаро муносабатлари бироз илигандек кўринмоқда. Покистон билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, расмий Исломобод Афғонистонда катта таъсирга эга бўлишни истайди. Бу эса, шу боис ҳам, уларнинг айрим Толибон унсурларини дастаклашларини ҳам англатади. Мавжуд вазият эса, Американи қийин аҳволга қўяди.