Россия: Қора денгиз соҳилларидаги сув тошқинлари ўнлаб инсонлар умрига зомин бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи 23.mvd.ru

Россиянинг Қора денгиз бўйидаги Краснодар ўлкасидаги қаттиқ ёғингарчилик сув тошқинларини келтириб чиқарган, маҳаллий расмийларга кўра, камида 87 инсон ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг аксари ўлканинг Қрим тумани аҳолиси бўлган, маҳаллий фавқулодда вазиятлар масъуллари хабар қилишича, бу ерда 76 инсон ҳалок бўлган.

Маҳаллий одамларнинг айтишларича, сув тошқини тунги соат 2 ларда бошланган, одамлар фақат ҳужжатларини олиб, болаларини адёлларга ўраб баландроқ жойларга қочишга мажбур бўлганлар.

Сув сатҳи айрим биноларнинг иккинчи қаватигача кўтарилган.

Расмийлар 13 мингга яқин бино сув остида қолганини айтганлар.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 10 киши Геленджик туманида ҳаётдан кўз юмган.

Катта ҳудудда электр таъминоти издан чиққан, темир йўл қатнови тўхтатилган.

Шунингдек, Карснодар ва Қора денгиз соҳилидаги Новороссийск шаҳарларини боғлайдиган автомагистрални ҳам ёпишга тўғри келган.

Кема қатнови билан шуғулланадиган идоралар Новороссийск бандаргоҳидан кемаларга экспортга мўлжалланган нефт ортиш шанба тунидан тўхтатилганини маълум қилганлар.

Фавқулодда ҳолатлар расмийлари табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Москвадан ходимлар, техника воситалари сафарбар этилганини маълум қилганлар.

Аҳолини кўчириш учун жой тайёрланаётгани, тиббий таъминот йўлга қўйилгани айтилган.

Краснодар ўлкаси Россиянинг энг иссиқ, ёзда Қора денгиз соҳилига миллионлаб дам олувчилар борадиган ўлкаси ҳисобланади.

Ҳалок бўлганлара орасида дам олувчилар ҳам бўлиши мумкинлигини айтганлар ички ишлар бўлими ходимлари.