Халқаро донорлар Афғонистонга 16 миллиард долларлик кўмак ваъда қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCPashto.com

Токиодаги анжуманда донор мамлакатлар Афғонистонга миллиардлаб долларлик кўмак ваъда қилишган, бироқ бунинг эвазига Кобул ҳукуматидан коррупцияни жиловлаш талаб қилинган.

Анжуман қатнашчилари 2014 йилдан кейин НАТО етакчилигидаги қўшинлар чиқиб кетганидан кейинги дастаклов сифатида 16 миллиард доллар ваъда қилганлар.

Афғонистоннинг донорлари ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришлари билан бирга бераётган маблағлари тўғри йўлда сарфланишига ишонч ҳосил қилишни исташларини айтиб келадилар.

Токиода 16 миллиард долларлик кўмак эвазига Афғонистон ҳукуматидан коррупцияга қарши кураш ваъдаси олинган.

Халқаро анжуман очилишида Президент Ҳомид Карзай коррупцияга қарши қаттиқ курашга ваъда берди.

Жаноб Карзай сўзларига кўра, охирги 10 йилда мамлакатни оёққа турғазиш йўлида илгари силжиш бўлганига қарамасдан, ҳамон Афғонистон иқтисоди мўрт ва ривожланиши йўлида катта тўсиқлар мавжуд.

"Афғонистон фаровон ва ўз-ўзини таъминлайдиган мамлакатга айланиши учун ҳали биз афғонлар ва бизни дастаклаётган халқаро шерикларимиз кўп йиллар қаттиқ ишлашимиз лозим бўлади. Биз хавфсизлик илдизларини чуқурлаштиришимиз ва ўтиш даври ютуқларини ортга қайтмайдиган қилишимиз лозим", деб айтган Президент Карзай.

"Бугун мен Афғонистоннинг дўстлари ва шерикларидан улар Афғон халқини бу мамлакатни тинч ва демократик мамлакатга айлантириш йўлимида биз билан бирга бўлишларига ишонтиришларини истайман", деди Токио анжуманида жаноб Карзай.

Президент Карзайнинг Афғонистон иқтисоди ҳали кучсиз экани ҳақидаги гапини Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун ҳам тасдиқлади, охирги йилларда бу мамлакатда қилинган ишлар ҳавога совурилиб кетмаслиги чорасини кўришга чақирган.

"Бошқарувга, адлия тизимига, инсон ҳуқуқлари, иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий тараққиёт масалаларига сармоя йўналтирилмаслиги сармояларга салбий таъсир кўрсатади ва сўнгги йилда қилинган нарсаларни қурбон қилади", деди БМТ Бош котиби.

Анжуманда гапирган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Афғонистонда қўлга киритилган ютуқларни мустаҳкамлаш учун ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.

"Бу ислоҳотлар коррупцияга қарши кураш, бошқарувни яхшилаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий имкониятлардан барча афғонлар, асосан аёллар баҳраманд бўлишига йўл очишни назарда тутади", деди Клинтон хоним.

Токио анжуманида 70 дан ортиқ мамлакатнинг олий даражадаги ҳайъатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган.

Иштирокчилар 2012 йилдан 2015 йилгача ҳар йили Афғонистонга 4 миллиард доллардан ёрдам бериб туришга ваъда қилдилар.

Бу ёрдамлар тинч мақсаддаги ёрдамлар бўлиб, шу йил май ойидаги Чикаго анжуманида НАТО раҳбарлари Афғонистон қуролли кучларига 4 миллиарддан ортиқ ҳарбий кўмак ваъдасини берган эдилар.

Токио анжумани олдидан Кобулга борган Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Афғонистон Қўшма Штатларнинг "НАТОга аъзо бўлмаган йирик иттифоқчиси" мақомини олганини эълон қилди, бу мақом Афғонистонга имтиёзли равишда Америкадан ҳарбий аслаҳалар олиш имкониятини яратади.

Бу мавзуда батафсилроқ