НАТО турли транзит йўлларини изламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ ўзи учун миллионлаб маблағларни тежаб қолишга имкон берадиган йўлларни кўриб чиқиши тайин

Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги қўшинларга юкларни ташиб ўтиш учун Покистон ҳукуматининг рухсат бергани мамлакатдаги жангари гуруҳларни ғазаблантирган.

Покистон расмийлари хабар беришича, қуролли кишиларнинг марказий Покистондаги армия бўлинмасига қарата ўқ очгани натижасида камида етти ҳарбий ҳалок бўлган, яна беш киши яраланган.

Ҳужум Панжоб вилоятининг Гужарат туманида содир бўлган. Кузатувчиларга кўра, мамлакатнинг бу ҳудудида жангариларнинг ҳужумлари кам содир этилади.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Мухбирларга кўра, жангарилар аскарларга қарата кўприкдан туриб ўқ очган.

"Ҳужумчиларнинг аниқ сони номаълум, бироқ улар мотоциклда келишган ",-деб айтган хавфсизлик ходимларидан бири.

Ҳужум жиҳодчи гуруҳларнинг Покистон ҳукумати НАТО юкларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқилишига рухсат берганига қарши қўзғолонидан бир соат ўтиб содир этилган.

Якшанба куни саккиз мингга яқин намойишчилар Лахор шаҳрида ҳаракатни бошлаганлар.

Намойишчилар Покистон пойтахтига қадар 275 км масофани босиб ўтиб, Исломободда оммавий намойиш ўтқазишни мақсад қилганлар.

Жанубий, Покистон транзит йўли шимолий Марказий Осиё таъминот йўлига қараганда НАТОга анча арзон тушади.

Шу сабабли Покистон ўтиш йўли қулайлиги ва арзонлиги жиҳатидан НАТО учун муҳим саналади.

Россия кўмаги

НАТО Афғонистондаги ҳарбий жиҳозларини олиб чиқиб кетиш борасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳам расман келишувга эришилганини маълум қилган.

Шунингдек, кейинги ой бошидан Россия ҳудуди орқали Афғонистондаги НАТО кучларига қарашли юкларни аралаш транзит қилиш бошланади, деб хабар берган Россиянинг НАТО қошидаги доимий вакили Николай Корчунов.

Олдинроқ Россия томони НАТО юкларини Афғонистондан олиб чиқишда кўмаклашишга рози эканлигини билдирган эди.

Юкларни Афғонистонга етказиш ва олиб чиқишда ҳаво , автомобил ва темир йўл транспортидан фойдаланиш режалаштирилган.

Транзит мақсадида фақат фуқаро объектлари, жумладан Ульяновскдаги аэропортдан фойдаланиш кутилмоқда.

Россия бу борада пайдо бўлган Уляновскда НАТО базаси қурилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад қилган.

Бундан олдин ҳам Россия ҳудуди орқали Оврўпо Иттифоқи давлатлари юкларини транзит қилишда кўмак берилганини қайд этган.

" Ҳеч қандай ҳорижий ҳарбий шахс, юк ташишда ва уни қўриқлашда қатнашиши режалаштирилмаган ва бундай бўлмайди",- деган Россиянинг НАТОдаги вакили жаноб Корчунов.

Унинг айтишича, контейнерларда портловчи ва бошқа хавфли юклар ташиб ўтилмайди.

Россиянинг НАТО қошидаги доимий вакилига кўра, 1 августгача Россия томони транзит масаласидаги тайёргарлик ишларини якунлаши керак.

Транзит шартларига кўра, ҳар бир юк расмий ҳужжатга эга бўлиши ва божхона ходимлари иштирокида амалга оширилиши талаб қилинади.

Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетиши керак бўлган АҚШ ўзи учун миллионлаб маблағларни тежаб қолишга имкон берадиган йўлларни кўриб чиқиши тайин.

Айни пайтда Россия ҳам "Афғонистондан халқаро кучларнинг чиқиб кетишидан манфаатдорлигини , бу иш учун ўз эшикларини очиш билан бирга, пул ҳам ишлаб олиши"ни таъкидлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ