Дамашқда яна Сурия инқирози муҳокама этилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кофи Аннан томонларнинг ўзаро келишувига эришишдек мураккаб вазифа турганини айтган

БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннан Сурияда президент Башар ал-Ассад билан учрашган.

Дамашқда бўлиб ўтган музокаралар Кофи Аннаннинг тинчлик режаси олти бандининг бажарилиши борасида бўлган.

Жаноб Аннан учрашув белгиланган тартибда ўтганини таъкидлаган.

Олдинроқ, Кофи Аннан Франциянинг Le Monde рўзномасига берган интерьвюсида тинчлик режаси Суриядаги зўравонликларга чек қўйолмаётганини тан олган.

Бир ҳафта олдин Женевада учрашган дунёнинг етакчи давлат раҳбарлари, Сурияда янги ўтиш даври ҳукуматини тузишга чақиришган эди.

Президент Ассад Американи Суриядаги вазиятни издан чиқараётганликда ва жангари гуруҳларни рағбатлантиришда айблаган.

Би-би-си мухбири Жим Муирнинг айтишича, Сурияда қон тўкилишларни тўхтатиш амалга ошмагани боис, эндиги асосий мақсад муаммони сиёсий жиҳатдан ҳал қилинишига қаратилади.

Кофи Аннан томонларни ўзаро келишувига эришишдек мураккаб вазифа турганини айтган.

Суриядаги қуролли тўқнашувлар 16 ойдан буён давом этиб келади. Зўравонликларда минглаб сурияликлар қурбон бўлишган, ўн минглаб одамлар мамлакатни тарк этишган.

Сурия мухолиф гуруҳлари президент Ассад ва яқин сафдошлари ўтиш даври ҳукумати таркибига киритилмаслигини талаб қилишмоқда.

Башар ал-Ассад истеъфога кетмаслигини, мамлакатни террорист гуруҳлардан ҳимоя қилиш лозилигини таъкидлаган.

Дамашқдаги музокаралардан сўнг БМТ элчиси жаноб Аннан Суриянинг асосий иттифоқчиси Эронга жўнаб кетган.

Бу мавзуда батафсилроқ