Мисрда ҳарбийлар қаршилигига қарамай парламент мажлиси йиғилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи s
Image caption Конституцион маҳкама ноқонуний деб эълон қилган парламент биринчи мажлисга йиғилган

Мисрнинг Ҳарбий кенгаши конститутцион маҳкама чиқарган парламентни тарқатиб юбориш қарори бажарилиши лозимлигини айтган.

Кенгаш мурожаатида барча давлат ташкилотлари қонун ва конституцияга бўйсунишлари шартлиги таъкидланган.

Ҳарбий кенгашнинг мурожаати кўпчилик мисрликлар назарида бундан бир ҳафта олдин қасамёдга келтирилган Муҳаммад Мурсий учун бир огоҳлантириш бўлиши мумкин.

Миср конституция маҳкамаси президент Мурсийнинг парламентни қайта тиклаш ҳақидаги қарорини бекор қилган.

Миср Ҳарбий кенгаши мамлакат парламентини сайловлардан кейин тарқатиб юборган эди.

Конституцион маҳкама парламентни қайта тиклаш қонуний эмаслигини айтган.

"Мусулмон Биродарлар" га кўра, айнан ҳарбийлар қонунга зид ҳаракат қилиб июнда тарқатилган парламентнинг ваколатларини ўзлаштириб олишган.

Президент Муҳаммад Мурсий парламентни иш бошлашга буйруқ берганидан сўнг, тарқатилган парламент сўзчиси депутатларни сешанба кунидан ишга қайтишларини сўраган.

Би-би-си мухбири Жон Лейннинг айтишича, Мурсий қасамёдга келтирилгач, мамлакатда сиёсий ярашув ўрнатилгандек тасаввур уйғонган.

Лекин бу вақтинчалик ҳолатлиги, Миср яна сиёсий жиҳатдан боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлиги ушбу мунозаралардан аён бўла бошлаган.

Мамлакатдаги сиёсий кайфият ўзгара бошлагани кузатилган.

Мисрнинг янги президенти парламентни қайта тиклаш қарори билан уни тарқатиб юборган ҳарбий кенгашга рўбарў қилиб қўйган.

Ҳарбий кенгашнинг мурожаати президент ва ҳарбийлар ўртасидаги дастлабки қарама-қаршилик сифатида қаралмоқда.

Сешанба куни эрталаб маҳкама ноқонуний деб эълон қилган парламент аъзолари биринчи мажлисга йиғилишган.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонида ҳарбий кенгашнинг қарорига норозилик сифатида минглаб " Мусулмон биродарлар" тарафдорлари йиғилишган.

Улар президент қарорини ва парламентнинг иш бошлашини қувватлаб миллионлар марши ўтказишларини эълон қилишган.

Конституцион маҳкама чиқарган қарори " аниқлиги ва уни ўзгартириш учун бирор бир шикоятга ўрин йўқлиги"ни алоҳида таъкидлаган.

Якшанба куни президентнинг фармони эълон қилингач, қуролли кучларнинг Олий кенгаш мажлиси чақирилган.

Бироқ ўртадаги муносабатлар таранглигига қарамай Муҳаммад Мурсий ва ҳарбий кенгаш фельдмаршали Ҳусайн Тантаий ҳарбий академиядаги тантанали маросимда биргаликда қатнашишган.

Ҳусни Муборак қудратдан кетгач 2011 йилда бошқарувни эгаллаган армия ҳокимиятни қўлида сақлаб қолишга уринаётганлиги охирги пайтларда танқидларга юз тутган.

Мусулмон биродарлар вакили Муҳаммад Мурсий 30 июнда вазифасига киришган.

Конституцион декларацияга биноан президент қуролли кучлар устидан ҳокимиятга эга эмас, Бош қўмондонга эса мамлакат конституциясига вето қўйиш ҳуқуқи берилади.

Мисрда ҳали янги конституция қабул қилинмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ