Расмийлар янги сув тошқинлари ҳақидаги хабарларни рад қилишмоқда

Image caption Янги сув тошқини бўлиши ҳақидаги миш-мишлар сабаб кўпчилик шаҳарни тарк қила бошлаган

Россиянинг Краснодар ўлкаси раҳбарлари аҳолини Кубанда янги сув тошқинлари бўлиши ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирган.

Душанба куни тарқалган Неберджаевск сув омборидаги тўғон сув тошқинига дош беролмаслиги ҳақидаги ваҳималар сабаб Кримскнинг кўпчилик аҳолиси шаҳарни тарк қила бошлаган.

Шундан сўнг овоз кучайтиргичлар ўрнатилган полиция машиналари ишга солинган.

Сув омборидаги тўғон аҳолига ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги ҳақида Краснодар ўлкаси Ички Ишлар бошқармаси расман эълон қилган.

Айни пайтда сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга Краснодар, Ростов, Москва, Санкт-Петербург каби шаҳарларда тўпланган инсонпарварлик ёрдамлари етказилмоқда.

"Коммерсант" рўзномаси нафақат жабрланганлар эмас, қутқарувчилар ҳам ёрдамга муҳтожлигини хабар қилган.

МЧС ходимларига резина этиклар, қўлқоплар ва респираторлар етишмаётгани айтилган.

Краснодар ўлкаси раҳбари Александр Ткачев Кримскда ўтказилган матбуот анжуманида махсус провакаторлар аҳоли орасида ваҳима тарқатаётганини айтган.

Жаноб Ткачев жабр кўрганларга, яқинларидан айрилганларга ёрдам пули "сув тошқинидан хабардор этилган эди", деган тилхат ёзилгач берилиши ҳақидаги хабарларни рад қилган.

Сув омбори ҳам очиб юборилмагани, бу фақат миш-миш эканини айтган.

Аҳоли маҳаллий ҳукуматни келаётган хавф-хатардан ўз вақтида хабардор қилмаганликда айблаган.

Кримскда кетаётган қутқарув-тиклаш ишлари учун маҳаллий ҳукумат кўнгиллиларни ёрдамга чақирган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари лицензиялик қуролларга эга бўлган кишиларни қуролларини туман бўлимларига вақтинчалик топширишларини сўраган.

Вазият изга тушгач қуроллар эгаларига қайтарилиши ваъда қилинган.

Кримск тумани ҳокими вазифасидан четлатилган.

Расмий хабарларга кўра, Краснодар ўлкасида 26 мингдан 34 минггача киши табиий офатдан зарар кўрган.

Уч мингдан ортиқ киши бор мол-мулкидан айрилган.

7 июлга ўтар кечаси Россиянинг Кримск, Геленджика и Новороссийск шаҳарларидаги беш мингга яқин уй сув остида қолиб кетган.

Тошқин оқибатларини бартараф қилиш учун камида 3-4 миллиард рубл( 90-100 миллион доллар) кераклиги айтилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ