Дунёнинг энг бадавлат аёли ким бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи na

Дуёнинг энг бадавлат аёли ким, деганда, энг аввало хаёлингизга Буюк Британия Қироличаси Елизавета Иккинчи ёки жаҳонга машҳур L'Oreal фирмаси меросхўри Лилиан Беттанкур келиши тайин.

Аммо бундай эмас. Нега десангиз, ўзининг бойлиги билан дунёнинг манаман, деган аёлларини ортда қолдирган аёл - австралиялик тоғ-кон ширкати раҳбари Жина Райнхрат бўлиб чиқибди.

Балким, унинг номини сиз ҳам эшитмагандирсиз. Хўш, у ҳолда бу хонимнинг бойлиги қанча экан, десангиз, ўзига тегишли мол-мулкларининг қиймати нақ 29 миллиард долларга тенг экан.

Шундай экан, бу бойвачча аёл ҳақида нималар маълум?

Унинг отаси Ленг Хэнкок 50-йиллар бошларида Австралиянинг ғарбий Пилбара туманида дунёдаги энг йирик темир рудаси конини топади ва уни арзон-гаровга сотиб олади.

Ўша пайтда мамлакатнинг ўзида тақчил экани айтилиб, Австралиядан четга темир рудаси сотиш ман этилган бўлган.

Отаси асос солган ана шу йирик ширкат 58 ёшли Жинага мерос қолади.

Жинанинг ўйлашича, айнан отасининг меҳнатлари туфайли Австралия бугунги даражага етган.

Шу боис ҳам, Жина Австралиядаги барча оммавий-ахборот воситаларини ўз қўлларига олган мамлакат бизнес элитасидан хафа.

Жинага кўра, улар ўз оиласининг Австралия фаровонлигига қўшган ҳиссасини ҳеч қачон тан олишмаган.

Tемир дарди

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Жина бирданига дунёнинг энг бадавлат аёлига айланиб қолган эмас.

Аввалига Австралия, сўнгра Осиё, кейин эса, Business Review Weekly журнали рейтингида жаҳоннинг энг чўнтаги бақувват аёли, деб топилган.

Жина ўзини тоғ-кон империяси вориси, деб кўришларини жинидан баттар ёмон кўради.

У ўзини отасининг ўлимидан сўнг оилавий бизнесларини кенгайтириб, ўзгартиришга муваффақ бўлган мустақил тадбиркор санайди.

Жинанинг бойлиги Австралия ғарбидаги темир рудасига бой конларни ўзлаштиришга асосланган.

Бугун жаҳон бозорларида сотилаётган темир рудасининг учдан икки қисми айнан ана шу конлар ҳиссасига тўғри келади.

Темирга бўлган талаб ҳам кўп эмасми, бунинг орқасидан Австралия иқтисоди ҳам озмунча фойда кўраётгани йўқ.

Темир қолиб, матбуот бозори

Райнхарт бугунга келиб, фақат тоғ-кон саноати билан чекланиб қолмайдиган кўринади.

У матбуот бозорида ҳам етакчи ўринга чиқиб олиш ҳаракатида.

Бу эса, Австралиядаги матбуот корчалонлари орасида озмунча гап-сўз ва норозиликларга сабаб бўлаётгани йўқ.

Жина аллақачон мамлакатдаги учта йирик телеканалдан биттаси саналувчи "Ўнинчи канал"нинг катта миқдордаги ҳиссаларига эгалик қилади.

Бир қанча давлат нашрларини ўз ичига олувчи Fairfax Media газета ширкати ҳиссаларини ҳам ўз қўлига олган.

Дейлик, Руперт Мердокнинг империяси мамлакатдаги матбуот нашрларининг 70 фоизига эгалик қилса, қолган 30 фоизи айнан Fairfax Media ширкати ҳиссасига тўғри келади.

Аммо отасидан қолган Hancock Prospecting тоғ-кон ширкатини ҳам шахсан ўзи назорат қилади.

Доимо ширкат ишларини назорат этишда банд экани боис, бошқа ҳеч нарсага қизиқмайди.

Ноёб санъат асарлари, пойгача отлар ёки шахсий самолётлари йўқ.

Жина ниҳоятда қайсар ва қатъиятли аёл сифатида ном қозонган.

Бу мавзуда батафсилроқ