Сурия мухолифати Россия дастагига кўз тикмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи s
Image caption Россия Сурия мухолифати нималарга қодирлигини билишни истайди

Сурия мухолифати вакиларидан иборат ҳайъат Москвага борган.

Мақсад Сурияда кечаётган зўравонликларга сиёсий ечим топишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни мубоҳаса этишдир.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия Миллий Кенгаши раҳбари Абдулбасит Сайда билан музокаралар олиб бормоқда.

Сал олдинроқ Лавров жаноблари ўринбосарига кўра, Россия мухолифатни "реалистик ва амалий мавқе томон" буриш ниятида эканини айтганди.

Кечроқ Сурия тинчлик режасига бошчилик қилаётган халқаро ҳамжамият вакили Кофи Анан БМТ Хавфсизлик Кенгашида чиқиш қилиши кутилмоқда.

Анан жаноблари сешанба куни Бағдод ва Теҳрон расмийлари билан музокаралар олиб борган. У Қўшма Штатлар эътирозига қарамай, Суриянинг энг яқин иттифоқчиси - Эрон зиддиятга ечим топиш учун рол ўйнаши ҳақидаги фикрини такрорлаган.

БМТнинг собиқ бош котиби, шунингдек, Сурия Президенти Башар ал-Ассад тинчлик режасига ўзгартиришлар таклиф қилгани ва аввало энг нотинч ҳудудларда барқарорлик ўрнатилиши борасида айтганини билдирган.

'Инқилоб'

Москвада эса, Ташқи ишлар вазири Лавров билан музокаралар бошлашдан олдин гапирган Сайда жаноблари Россиянинг Президент Ассадга дастагини тугатишга уриниб кўришини билдирган.

"Суриядаги ҳодисалар - мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги келишмовчиликлар эмас, инқилоб", деб айтган у қўшма матбуот анжуманида.

Ўз ўрнида, жаноб Лавров "Сурия учун ўта муҳим бир паллада" мухолифат аъзолари билан тўғридан-тўғри музокара олиб бориш имконияти пайдо бўлганидан мамнунлигини билдирган.

Шу билан бирга у Россия мавқеини яна бир бор очиқлаш истагида эканини айтган.

"Баъзан сизнинг ташкилотингиз биз қилаётган ишларимизни савол остига олади ва мен сизнинг саволларингизга ойдинлик киритаман, бунга шубҳа бўлмаслиги керак", деб айтган у.

Лавров жаноблари Россия жиддий бўлинишларга юз тутган Сурия мухолифати бирлашиш ва ҳукумат билан диалог олиб бориш платформаси яратишга қанчалар қодир ёки қодир эмаслигини тушуниш истагида эканини қўшимча қилган.

Аввалроқ, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Багданов мухолифатни "қон тўкишларга барҳам бериши мумкин бўлган реал ва амалий мавқе" томон буришга уриниб кўриши ҳақида айтганди.

Мухолифат Президент Ассад ўтиш даврига оид ҳар қандай келишувнинг бир қисми сифатида истеъфо бериши кераклигини таъкидлайди.

Айнан мана шу таклиф Россия тарафидан рад этиб келинади.