Ҳамадаги жангларда 200 дан ортиқ одам ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Дамашқ, Идлиб ва Ҳамада Тремсехдаги оммавий қотилликларга қарши намойишлар бўлиб ўтган.

Суриядан келаётган хабарларга қараганда, Ҳама вилоятининг Тремсех қишлоғида бўлиб ўтган жангларда 200 дан ортиқ киши ўлдирилган.

Мухолифат фаолларига кўра, Сурия ҳукумат кучлари Тремсехни тикучарлар ва танклардан ўққа тутган.

Қишлоққа кириб келган қуролланган кишилар одамларни ўлдирган.

Хомс инқилобий кенгашининг раисининг Рейтер агентлигига айтишича, ҳалок бўлганларнинг деярли ҳаммаси тинч фуқаролардир.

Хабарларга қараганда, исёнчилар қўлига ўтган Тремсехни ҳукумат кучлари қайтариб олишга уринмоқда.

Фаолларнинг айтишича, Дамашқ, Идлиб ва Ҳамада Тремсехдаги оммавий қотилликларга қарши намойишлар бўлиб ўтган.

Сурия Давлат телевидениеси хабарида қотилликларни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурия масаласи муҳокамаси олдидан "террористик гуруҳлар"нинг вазиятни янада чигаллаштиришга уриниши, дея баҳоланган.

Мухолифат қотилликларда ҳукуматни айблаган.

Жазо чоралари билан таҳдид

БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги Ғарб давлатлари Сурияда тинч аҳолига нисбатан зўравонликлар тўхтамас экан мамлакат раҳбариятига қарши жазо чўраларини қўллашни исташади.

Ғарб давлатлари таклифига кўра, Суриядаги халқаро кузатувчилар мандатини узайтириш резолюцияга санкциялар ҳақидаги бандлар киритилиши лозим.

Суриядаги халқаро кузатувчилар мандати келгуси ҳафтада тугайди.

Аммо Россия санкциялар киритиш ғоясини қўллаб-қувватламаган.

Кузатувчилар мандатини яна 90 кунга чузишни таклиф килган.

Хабар қилинишича, БМТ ва Араб Лигасининг Суриядаги махсус вакили Кофи Анан ёпиқ мажлисда агар Сурияда зўравонликлар давом этаверса, бунинг учун ҳам ҳукумат ва ҳам мухолифат жавоб беришини айтган.

Айни пайтда, Москва БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннанни Сурия мухолифатига жиддий таъсир ўтказишга чақирган.

Сурия инқирози 16 июл куни бўлиб ўтадиган Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ва Кофи Аннан музокараларида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Мухолифат тарафига ўтган элчи

Суриянинг Ироқдаги элчиси Наваф Фарес мухолифат тарафига ўтганини эълон қилган.

Жаноб Фарес Сурияда ҳукуматидан мухолифат сафларига ўтган илк юқори мартабали дипломатдир.

Ўтган ҳафта Президент Ассад оиласига яқин бўлган бир генерал ҳам мухолифат томонига ўтган эди.

Жаноб Фарес Суриядаги вазиятни "шафқатсиз режим жиноятчилари томонидан содир этилган даҳшатли қирғин," дея таърифлаган.

У Сурияда энди ҳақиқий ислоҳот ўтказилишига ишонмаслигини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ