Афғонистон: худкушлик ҳужумида парламентнинг таниқли вакили ўлдирилди

Cамангоний
Image caption Жаноб Cамангоний Афғонистондаги таниқли ўзбек сиёсатчиларидан бири эди

Афғонистон полициясининг маълум қилишича, шимолий Самангон вилоятида таниқли сиёсатчи ва яна камида 20 нафар инсон худкушлик ҳужуми қурбони бўлган.

Ўзбек миллатига мансуб Аҳмадхон Самангоний портлаш юз берган пайти вилоят маркази Айбак шаҳрида қизининг никоҳ маросимида қатнашаётган бўлган.

Ўзини меҳмон қилиб кўрсатган ҳужумчи портловчи портловчи моддани ишга солишдан олдин жаноб Самангонийни табриклаш учун қучоқлаган.

Толибон сўзчиси ҳаракатнинг ҳужумга алоқаси йўқлигини айтган.

Аҳмадхон Самангоний 1980-йилларда таниқли дала қўмондони бўлган.

У президент Ҳомид Карзай тарафдори ва яна бир таниқли дала қўмондони Абдулрашид Дўстумнинг рақиби сифатида танилганди.

Жаноб Самангоний ўтган йил парламент аъзоси этиб сайланганди.

"Шафқатсиз"

Ҳодиса гувоҳининг айтишича, тўйхонада 100га яқин одам бўлган.

Полицияга кўра, ҳужумда қурбон бўлганлардан ташқари яна камида 40 нафар инсон жароҳат олган.

Вилоят полицияси тергов бўлими бошлиғи Ғулом Муҳаммадхоннинг Ассошиэйтд Пресс агентлигига айтишича, қурбонлар орасида Афғонистон армиясининг баландрутбали қўмондони ва вилоят хавфсизлик хизматининг бошлиғи ҳам бор.

"Бу ҳужумда бизнинг қўлимиз йўқ," - деб айтган Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид Рейтерс ахборот агентлигига. - "Аҳмадхон мужоҳидларнинг собиқ қўмондони эди. У шафқатсиз инсон эди. Кўплаб инсонларнинг у билан муаммолари бўлган бўлиши мумкин".

Афғонистон шимоли мамлакатнинг жанубий минтақаларига нисбатан осойиштароқ ҳисобланади.