Шимолий Кореяга баҳор келмоқдами?

Ким Чен Ин Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ким Чен Иннинг ёнида ўтирган аёлнинг кимлиги ҳам жумбоқ...

Мамлакатдаги аёллар юпкаси қанчалар узун ёки калталигига қараб, давлат раҳбари фикру ўйи ҳақида хулоса чиқариш ноодатий, албатта.

Аммо, Шимолий Корея бўйича шарҳловчилар ушбу дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири йўлбошчисининг бошида нималар борлигини ана шу манзара асосида билишга уринишмоқда.

Ню Йорк Таймс газетасида босилган мақола Шимолий Корея бўйича экспертлар аёллар кўйлаги узунлигига қараб Ким Чен Ин сиёсатига баҳо беришга уринаётганлари ҳақида.

"Бир неча ҳафтадирки, мутахассислар Пхеньян шаҳридаги калта юпка ва баланд пошнали аёллар суратлари устида бош қотиришмоқда. Улар ғарбча кийиниш усули миллий уст-бошлар ва ё Маоча услубдаги ишчи кийимлар ўрнини босаётганини йиллар давомидаги мисли кўрилмаган ўзгариш сифатида кўриш илинжидалар", деб ёзилади мақолада.

Шарҳловчилар давлат телевидениесининг ҳам Ким жаноблари ўзи ва генералларига концерт қўйган калта юпкали қизлар дастасига бош бармоғини кўтариб турганини намойиш этганига диққат қаратишади. Бунинг ортидан эса, айни манзара нимани англатиши юзасидан баҳсу мунозаралар урчиган.

Ўзи ҳақидаги ахборотларни қаттиқ муҳофаза қилувчи тузумда калта юпкалар, Микки Маус иштирокидаги чиқишлар ё-да, худди шу концертда Силвистер Сталоне тушган филмдан парча намойиш этилиши Шимолий Кореянинг Ғарбга муносабатига қайта ёндашаётгани ишораси бўлиши мумкинми ёки мода ўзгариши шунчаки бахтсиз халқ эътиборини бошқа томонга буришга уринишми?

Сеулдаги Донггук университети эксперти Коҳ Ю-ҳваннинг жавоби бирмунча умидвор. У Шимолий Кореяда сўнгги ўзгаришларни "ошкоралик" деб атайди.

Шимолий Корея бўйича ушбу мутахассис мазкур ўзгаришлар Коммунистик Партия янги авлоди - кекса элитанинг жаноб Ким каби хорижда бўлиб қайтган ва эҳтимолки, Хитой усулидаги иқтисодий ислоҳотлардан илҳом олган фарзандлари тарафидан дастакланаётганини урғулайди.

Тафт университетидан яна бир эксперт Ли Сунг-ён ҳам бу ҳоллар Ким жаноблари Швецарияда таълим олгани таъсирида юз бермоқда деган фикрни билдиради.

"Қўлларига тушган маълумотларни бир-бирига ёпиштириб нимадир чиқаришга уринаётган Шимолий Корея бўйича шарҳловчиларни айблаш қийин", деб ёзади муаллиф.

Чунки, дунё Ким Чен Ин шахси ҳақида жуда оз нарса билади. Унинг, ҳатто, аниқ неча ёшда экани ҳам, уйланганми-йўқлиги ҳам маълум эмас. Омма қаршисидаги чиқишларида ёнида пайдо бўлаётган ёш жувон жаноб Кимга ким бўлиши - синглисими, рафиқасими ва ё қиз ўртоғими экани борасида ҳам фақат тахминлар мавжуд.

Аммо, Ким жанобларининг ўйида нималар борлигини аниқлаш унинг ўзи ва у мерос қилиб олган ядровий дастур қўшнилар, шу билан бирга Шимолий Кореянинг Ғарбдаги душманларига қанчалар таҳдид эканини ўлчаш учун муҳимдир.

"Кўринишидан ўғил отаси Ким Чин Ирга қараганда одамлар билан анчайин чиқишиб кета оладиган (суратларда унинг корхона ишчилари ва аскарлар билан қўлтиқлашиб тургани акс этади); хорижий маданиятдан у қадар қўрқмайдиган ва афтидан муваффақиятсизликни тан олишга мойилга ўхшайди (у апрел ойида учирилган ракета бузуқ чиққанини очиқ айтганди), деб ёзилади мақолада.

Аммо, мақолада ўтган йил отасининг ўлимидан сўнг қудратга келган жаноб Ким ўз падари ва бобоси сиёсатини бошқа томонга буриш ниятида эмаслигига оид етарли далиллар борлигига ҳам ишора қилинади. Бу ўринда унинг кучли ҳарбий ва ядровий қурол-яроғ дастурини сақлаб қолаётгани ҳамда Жанубий Корея ва Қўшма Штатларга қарши кетма-кет таҳдидлари тилга олинади.

Апрелда Ким жаноблари АҚШ билан озиқ-овқат ёрдамларига оид янги келишувни хавф остига қўйиб, ракета синовларини йўлга қўйганди.

Айни пайтда унинг ҳатти-ҳаракатлари отасидан кўра бобосиникига қиёсланади. Унинг худди бобосига ўхшаб қарсак чалиши, спорт билан шуғулланиши ва ё бобоси каби болалар даврасида ўтириши ҳақида гапирилади.

"Аммо, шу билан бирга Ким Чен Ин ўзигагина хос раҳбарлик усулини ҳам чиза бошлаган", деб ёзилади Ню Йорк Таймсда босилган мақолада.

Бу мавзуда батафсилроқ