Суриянинг собиқ элчиси: Асад кимёвий қуролни ишлатиши ҳам мумкин

Наваф Фарес Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Наваф Фарес Сурия ҳукуматига ортиқ ишлай олмаслигини айтган

Мухолифат тарафига ўтган суриялик юқори мартабали сиёсатчи Би-би-си билан суҳбатда Асад ҳукумати, агар мажбур бўлса, кимёвий қуролни ишга солишдан ҳам қайтмаслигини айтган.

"Башар Асад кимёвий қуролни ишлатиши ҳам мумкин," - деб айтган Суриянинг Ироқдаги собиқ элчиси Наваф Фарес.

Жаноб Фареснинг айтишича, тасдиқланмаган хабарларга кўра, бундай қурол аллақачон ишлатилган бўлиши ҳам мумкин.

У, шунингдек, Суриядаги қатор йирик бомбалашлар ҳукумат томонидан ал-Қоида ҳамкорлигида амалга оширилганини айтган.

Айни дамда БМТ ва Араб Лигасининг Суриядаги вакили Кофи Аннан Россия президенти Владимир Путин билан Сурия масаласида муҳокама қилиши режаланган.

Россия Суриянинг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади ва мазкур учрашув Сурияга нисбатан халқаро босимлар кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Суриядаги БМТ кузатувчилари миссияси жума куни ўз ишини якунлайди.

Кузатувчилар ўз фаолиятларини қайтадан бошлашлари учун БМТнинг янги резолюцияси лозим бўлади.

Жаноб Фареснинг айтишича, президент Башар Асад ҳокимиятни осонгина бериб қўймайди.

Собиқ элчига кўра, Башар Асадни фақат куч билан ҳокимиятдан четлатиш мумкин.

Жаноб Фарес 16 ой муқаддам президент Асадга қарши қўзғолон бошланганидан буён мухолифат томонига ўтган илк юқори мартабали мулозимдир.

Иқтидордаги Баас партияси ва қудратли хавфсизлик хизматларида юқори лавозимларни эгаллаган Наваф Фарес Сурияда экан бир неча вилоятга ҳокимлик қилган.

У Би-би-си билан суҳбатда Асад ҳокимияти "алалоқибат ағдарилади," деб айтган.

"Бу ҳукуматнинг қисқа фурсат ичида ағдарилиши аниқ. Биз камроқ қон тўкилиши учун ўша кунларнинг тезроқ келишини истаймиз ," деб айтган Наваф Фарес.

Бу мавзуда батафсилроқ