Душанбе Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолишига 'рози бўлган'

Душанбедаги Россия ҳарбий базаси
Image caption Душанбедаги Россия ҳарбий базасида 7 мингга яқин рус ҳарбийлари хизмат қилишади

Россия Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-полковник Владимир Чиркиннинг журналистларга маълум қилишича, Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги Россия ҳарбий базасининг 2014-йилдан кейин қолиши шартларига оид Москва тақдим этган битим лойиҳасига рози бўлган.

Россиянинг "РИА-Новости" ахборот агентлигининг рус генералига иқтибосан хабар беришича, битим лойиҳасида Россия Тожикистондаги ҳарбий базаси учун ҳақ тўламаслиги қайд этилган.

Тожикистон томони бу хабарга ҳозирга қадар ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Жаноб Чиркин тарқатган хабар Россия ва Тожикистон муносабатлари истиқболи аниқ бўлмаган бир паллага тўғри келмоқда.

Яқинда расмий Душанбе мамлакатда Россия ҳарбий базасининг қолишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ниятида эканини билдирганди.

Россия матбуотига кўра, Тожикистон ҳукумати 201-ҳарбий базанинг мамлакатда қолиш муддатини 49 йилга эмас, фақат 10 йилга чўздиришни истаётганди.

Тожикистон ҳукумати ҳарбий база учун Россиядан 250 миллион АҚШ доллари талаб қилаётгани ҳақидаги фаразлар ҳам илгари сурилди.

Владимир Чиркин ўтган ҳафта Россия сенати ўнгида чиқиш қилиб, Тожикистон Россия ҳарбий базасининг мамлакатда салкам ярим аср қолишига изн берувчи битимга рози бўлмаётганини айтди.

У Марказий Осиёда беқарорликлар ва урушлар келиб чиқиши эҳтимолидан ҳам огоҳлантирди.

Тожикистон Мудофаа вазирилиги унинг бу огоҳлантиришини "сиёсий мулоҳазасизлик" дея баҳолади.

Расмий Душанбега яқин бўлган манбаларга кўра, Тожикистон ҳукумати Россиядан 20га яқин талабни ижро этишни сўраган. Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги вазиятини яхшилаш, Тожикистонга юборилаётган ёқилғи учун божхона тарифларини бекор қилиш ва сармоя киритиш шулар жумласидандир.

Тожикистондаги 201-ҳарбий база Россиянинг хориж ўлкалардаги энг йирик базаси ҳисобланади.

Бу базада 7 мингга яқин ҳарбий хизмат қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ