Дамашқдаги портлашда мудофаа вазири ва Президент Ассаднинг поччаси ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурия расмийлари Мудофаа вазири Довуд Ражиха ва унинг ўринбосари Ассеф Шавкат ҳалок бўлганини тасдиқладилар.

Дамашкдаги миллий хавфсизлик биноси олдида юз берган портлашда Суриянинг Мудофаа вазири Довуд Ражиха ҳамда унинг ўринбосари, Президент Башар ал-Ассаднинг поччаси Асиф Шавкат ҳалок бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, сўнгги ҳодиса Сурия режимининг юрагига урилган жуда қаттиқ зарба бўлди.

Ҳодиса қандай юз берганининг тафсилоти ҳозирча тўла аниқ эмас, бироқ Сурия давлат телевидениеси хабар тарқатишича, Дамашқдаги миллий хавфсизлик биносида худкушлик ҳужуми рўй берган.

Бу пайтда вазирлар ва мамлакатнинг юқори лавозимдаги расмийлари мажлис ўтказаётган бўлганлар.

Кейинроқ ушбу портлашда Суриянинг Мудофаа вазири Довуд Ражиха ва унинг ўринбосари Ассеф Шавкат ҳалок бўлгани ҳақдаги хабарлар тасдиқланди.

Генерал Ассеф Шавкат Президент Башар ал-Ассаднинг поччаси ҳам бўлган.

Сурия Мудофаа вазирлиги портлаш оқибатида бир неча расмийлар яралангани ҳақида баёнот тарқатган, айрим хабарларга кўра, портлашда жароҳатланганлар орасида Сурия истиғборот хизмати раҳбари Ҳишом Бахтиёр ва Ички ишлар вазири Иброҳим Шар ҳам бор.

Ушбу ҳодиса пойтахт Дамашқдаги отишмалар ва портлашлар билан ўтган тун ортидан рўй берган.

Ўзларини "Эркин Сурия армияси" деб атаётган аксилҳукумат кучлари пойтахт Дамашқда кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни бошлаганини айтмоқда, расмий Дамашқ эса кам сонли қуроллиларга қарши жанглар кечаяпти, деяётган пайтда у ердаги жанговор амалиётлар вазияти ҳақида тасаввур ҳосил қилиш қийин бўлмоқда.

Чунки икки томон ҳам бундан олдин бир ҳодиса ҳақида бир-бирини рад қиладиган хабарларни кўп тарқатишган.

Аниқ тасдиқлангани, Сурия пойтахтида бу тунни ҳам одамлар ваҳима ичида ўтказганлар.

Президент қароргоҳи Дамашқ шаҳрининг шимоли-ғарб қисмида жойлашган, президент қароргоҳидан 10 километрча шарқда жойлашган мавзе Ал-Қабунда яшайдиган Сузан Аҳмад кеча тунда Би-би-си у билан боғланганда қуйидагиларни сўзлаб берди.

"Биз бутун Дамашқ бўйлаб портлаш овозларини эшитдик. Танклар Ал-Қабунга ҳужум қилаяпти, ҳамма томонни, одамлар яшайдиган уйларни ўққа тутаяпти, ҳаракатланаётган ҳамма нарсани отишаяпти. Улар одамларни ҳибсга олиш ва ўлдиришга ҳаракат қилаяптилар. Одамлар Ал-Қабундан чиқиб кетишга ҳаракат қилаяптилар", деди Дамашқ яшовчиси.

Кундузи Сузан Аҳмаднинг айтишича, Дамашқ шаҳрининг айрим мавзелари буткул ёпилган.

"Кеча одамлар ҳужумга тутилган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш мақсадида йўлларни тўсишди. Ҳозир Дамашққа кириш, айниқса жануб томондан, шарқий Гутта тарафдан Дамашққа йўл тўла ёпилган. Одамлар шаҳарга кира олмаяптилар, балки бирор соатдан кейин мумкин бўлар, лекин ҳозир ташқаридан одамлар Дамашққа киролмаяптилар", деган Сузан Аҳмад.

Исёнчиларга кўра, ҳукумат шаҳарнинг жануби-ғарбий ҳудудларига техника ва ҳарбий қўшинларни кўп ташлаган.

Би-би-си мухбирига кўра, Сурия ҳукумати пойтахтдаги зўравонликлар миқёсини камайтириб кўрсатишга уринмоқда, ахборот вазири "шаҳарга киришга муваффақ бўлган қуролли унсурларни хавфсизлик кучлари йўқ қилиш" амалиётларини олиб бораётганини айтган.

Сурия давлат телевидениеси тунда Дамашқнинг Мидан мавзесига қўшинлар жойлаштирилгани видеони намойиш этган, унда бўш кўчаларда ҳарбийларни кўриш мумкин бўлган.

Фаолларга кўра, тўқнашувлар ҳамда бомбардимон оқибатида бир неча инсон ҳалок бўлган.

Аксилҳукумат фаоллар Интернетда видео жойлаштирганлар, бу видеода ёнаётган биноларни кўриш мумкин. Фаолларга кўра, ўзларининг армия баракларига ҳужумидан кейин ҳарбийлар яшайдиган жойда ёнғин келиб чиққан.

Бу ҳарбийларнинг президент қароргоҳини қўриқлайдиган қисмлар экани айтилган.

Бугун кундузи Дамашқдаги миллий хавфсизлик биноси худкуш ҳужумчи томонидан нишонга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди, портлаш оқибатида бинода мажлис ўтказаётган вазирлар жиддий жароҳатланган.

Сўнгги зўравонликлар БМТ Хавфсизлик кенгаши Суриядаги вазиятни муҳокама этишга тайёргарлик кўраётган пайтга тўғри келмоқда, жума куни мамлакатдаги Бирлашган Миллатлар кузатувчиларининг муддати тугайди.

Ғарб БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Президент Башар ал-Ассад ҳукуматига нисбатан қаттиқроқ резолюциясига эришишга интилмоқда, Россия эса бунга қаршилик кўрсатиб келаётир.

Би-би-си мухбири айтишича, БМТдаги сўнгги муҳокамада халқаро ҳамжамиятнинг Сурия борасида якдил қарорга келишларига умид қилиб бўлмайди.