Сурия: Ироқ ва Туркия чегарасида исёнчилар назоратни қўлга олишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Исёнчилар бин қанча чегара пунктларини қўлга олишган

Сурия мухолифати мамлакатнинг Ироқ ва Туркия билан қатор чегара масканлари исёнчилар қўлига ўтганини хабар қилган.

Ироқ Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Аднан ал-Асадийнинг айтишича, Сурия-Ироқ чегара ўтиш жойлари тўлиқ Сурия исёнчилари томонидан назорат қилинмоқда.

Айни пайтда Сурия телевидениеси миллий разведка бошлиғи генерал Ҳошим Ихтар чоршанба куни Дамашқдаги портлашлар натижасида олган жароҳати туфайли ҳалок бўлганини хабар қилган.

Бу хавфсизлик идорасига қилинган ҳужум оқибатида Суриянинг тўртинчи юқори лавозимли раҳбарининг ўлдирилишидир.

Жанглар Тобора кучаяётгани, исёнчилар бир қанча чегара ўтиш нуқталарини ишғол қилганликлари хабар қилинган.

Қуролланган гуруҳлар томонидан Туркия чегарасидаги Сармада ҳам қўлга олингани айтилган.

Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг хабар беришича, чегарадаги исёнчи гуруҳлар Сурия ҳукумат кучлари асосий эътиборни пойтахт Дамашққа қаратганидан фойдаланишган.

Ироқ расмийларига кўра, чегара масканларининг бирида 20 дан ортиқ ҳарбийлар ўлдирилган.

Ироқ ва Туркия чегара ҳудудларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Муносабатлар

Айни пайтда Россия ва Хитой ғарб давлатлари томонидан илгари сурилган Сурияга нисбатан жазо чораларини кучайтириш резолюциясига вето қўйишган.

Резолюцияга кўра, Дамашққа нисбатан турли дипломатик ва иқтисодий жазо чоралари кўрилиши, аҳоли яшаш жойларидан ҳукумат кучлари чиқмаган тақдирда ташқи куч ишлатилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Париждаги элчиси Александр Орловнинг интервьюси Франция матбуотида нотўғри талқин қилингани, унинг президент Башар ал-Ассад ҳақида айтган гаплари асосий матндан узилиб, бутунлай бошқа маъно келтириб чиқарилганини танқид қилган.

Франциянинг RFI радиостанцияси "Суриянинг янги президенти ким бўлади?" саволига жаноб Орловнинг "Башар ал-Ассад ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга рози", деган cўзларини келтиради.

Расмий Дамашқ Россия элчисининг интервьюси " умуман ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни айтган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги ҳам интервьюда келтирилган фикрларни рад қилган.

"Сурия тақдири, унинг раҳбарлари иштирокини ёлғиз Сурия халқи ҳал қила олади",- дейилади Россия элчихонасининг Twitterдаги расмий блогида.

Жанглар кучайган

Сурия телевидениеси Дамашқдаги портлашлардан сўнг биринчи бор президент Башар ал-Ассад кўринган лавҳаларни берган.

Президент Ассад янги сайланган мудофаа вазири Фаҳад Фрейждан қасамёд қабул қилган маросим қаерда бўлиб ўтгани айтилмаган.

Хабарларга қараганда, Сурия кучлари Дамашқда исёнчиларга қарши йирик амалиётларни бошлаган.

Пойтахтнинг жануби-ғарбий ва шимоли-шарқий ҳудудларидаги жангларда танклар, оғир артиллерия ва жанговор тикучарлардан фойдаланилгани айтилмоқда.

Қочқинлар

Сурия билан чегара ҳудудларда қочқинлар оқими кескин ортган.

Кейинги 48 соат ичида қўшни Ливан чегарасини қариийб 30 минг суриялик кесиб ўтган.

Иордания расмийлари тўрт кун ичида 2500 қочқин мамлакатга кирганини айтишмоқда.

Шу пайтгача Иорданияда 35 мингдан ортиқ суриялик қочқин борлиги хабар қилинади.

Суриянинг шимолий чегараси Туркиядаги қочқинлар сони 40 минг кишидан ошиб кетган.

Бу мавзуда батафсилроқ