Энг бой одамларнинг солиқдан яширилган пуллари қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Тадқиқотчи дунёдаги бой одамларнинг яширилган маблағларини "иқтисоддаги қора бўшлиқ", деб атаган

Tax Justice Network ташкилоти буюртмаси билан тайёрланган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, дунёдаги энг бой одамлар 2010 йил охирида солиқлардан яширилган камида 21 триллион долларни оффшор зоналарда сақлаганлар.

Бу жаҳоннинг йирик иқтисодиётлари ҳисобланган АҚШ ва Япония иқтисодиётларини қўшиб ҳисоблагандаги маблағдир.

Янги ҳисобот муаллифи Жеймс Ҳенридир.

Жеймс Ҳенри McKinsey консултантлик ширкатининг бош иқтисодчиси лавозимида ишлаган ва ундан тадқиқот ўтказишни Tax Justice Network тармоғи сўраган.

Tax Justice Network дунё бўйлаб маблағларнинг солиқдан яширилишига қарши кампания юритадиган гуруҳдир.

1 триллион 1000 миллиард деганидир.

Жеймс Ҳенри фикрича, 21 триллион баҳсли рақам ва жаҳон бўйлаб солиқлардан яширилаётган маблағнинг ҳақиқий миқёси 32 триллион долларга тенг.

Жеймс Ҳенри ўз тадқиқотида Жаҳон банки, Халқаро Валюта жамғармаси, мамлакатлар ҳукуматлари тақдим этган ва дунёдаги мамлакатлар марказий банкларининг ташкилоти - Bank of International Settlements маълумотларидан фойдаланган.

Бу тадқиқотда фақат банк ҳисоб рақамлари сармоя ҳисобларига депозит сифатида қўйилган бойликлар ўрганилган, кўчмас мулк ёки яхталар ҳисобга олинмаган.

Янги ҳисобот бутун дунёда жамоатчилик ва сиёсатчилар орасида солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва даромадларни яшириш кўпаяётгани борасида хавотирлар кучайиб бораётган вақтга тўғри келган.

Айрим мамлакатлар расмийлари, жумладан, Олмония ҳам ўғирланган маблағини солиқдан яширишга уринадиган шахслар ҳақидаги ахборот учун пул тўлаб келади.

Жеймс Ҳенри айтишича, жаҳон бўйлаб ҳаддан зиёд бой инсонларнинг маблағларини у ёқдан бу ёққа ўтказишга бутун бошли хусусий банклар, ҳуқуқ ва ҳисоб-китоб ҳамда сармоя ширкатлари аралашади.

“Йўқотилаётган солиқ тушумлари бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича улкан. Кўплаб мамлакатларнинг молиявий соҳасида салмоқли фарқ ясаш мумкин даражада йирик”, деб айтган Жеймс Ҳенри.

Тадқиқотчи дунёдаги бой одамларнинг оффшор ҳудудлардаги маблағларини «жаҳон иқтисодиётидаги улкан қора бўшлиқ”, деб атаган.

Ҳисоботда 139 та ривожланаётган мамлакат солиқчилари қўли етмаган маблағларнинг қай шаклда ташқарига чиқиб кетгани ўрганилган.