Афғонистонда полиция ходимлари Толибон тарафга ўтишган

Афғонистон шарқидаги Фароҳ вилоятида бир полиция қўмондони ва 13 зобити Толибонга қўшилган.

Ҳодиса якшанба куни юз берган.

Мухбирлар буни полиция сафидан толиблар тарафига ўтиш билан боғлиқ энг йирик ҳодиса сифатида таърифлашмоқда.

Уларга кўра, Мирвайс исмли қўмондон полиция назорат нуқтасидаги 20 кишига бош бўлган.

Собиқ полиция ходимлари ўз хизмат вазифаларини тарк қилишаркан, оғир қуроллар, радио ускуналар ва хизматга тегишли автомобилларни олиб кетишган.

Фароҳ нисбатан осойишта ғарбий минтақадаги энг тинч ҳудуддир.

Толибонга қўшилган полиция қўмондони Бало Бўлак усулворлигидаги Шервон қишлоғида фаолият қилган. Бу ҳудуд яқинларгача Толибон таянч нуқтаси ҳисобланган.

Исёнкорлар Афғонистон хавфсизлик кучлари олиб борган қатор амалиётлар ортидан бу ердан қувиб чиқарилган. Аммо, маҳаллий расмийлар яқиндан бери исёнкорлар бу ерга қайта тўпланишганини айтишади.

Ҳукумат жим

Афғонистон ҳукумат ҳодиса юзасидан бирон бир муносабат билдирмаган.

"Ҳам Кобул ва ҳам вилоятлардаги ҳукумат расмийлари ҳодисадан даҳшатга тушишган. Стратегик тумандаги полиция қўмондони қандай қилиб Толибон тарафига ўтиши мумкин? Бу Афғонистон ҳукумати учун ўта хижолатли ҳолат. Буни улар сукут сақлаётганларидан ҳам билиш мумкин", дейди Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Билол Сарварий.

Ҳодиса якшанба куни содир бўлган эса-да, тафсилотлар сешанба куни пайдо бўлган.

Буни жосуслик амалиётларидаги муваффақиятсизлик сифатида ҳам изоҳлаш мумкин.

"Аслида Мирвайс каби қўмондонлар чекка қишлоқлар ва ҳудудларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун муҳим рол ўйнашлари керак", дейди мухбиримиз.

Кўпда ёритилмайдиган хабар

Вилоятга жойлаштирилган полиция ва жосуслик хизмати зобитларига кўра, қўмондон ўзи билан бирга Толибонга қўшилишга рози бўлмаган 7 полиция ходимини заҳарлаган.

"Мирвайс ва унинг қўли остидагилар полиция сафига қарийб икки ярим йил олдин қўшилишган. Мирвайс маълум вақтдан бери ҳудудда исёнкорларга қарши курашиб келган", дейди Афғонистон жосуслик хизмати расмийси Би-би-си мухбири билан суҳбатда.

"У толиблар тарафга ўтишидан олдин муҳим жосуслик маълумотларини исёнкорларга етказиб турган бўлиши керак", дейди у.

Расмийларнинг айтишларича, олиб қочилган елкага қўйиб отилувчи ракеталар, оғир автомат қуроллар, радио ускуналар ва иккита Хумвеес русумли ҳарбий машина дохил бир неча полиция автомобиллари минтақада фаолият қилаётган Толибон учун катта қувват бўлиши мумкин.

Мухбиримизнинг айтишича, бу полиция сафидан толиблар тарафига ўтиш билан боғлиқ энг йирик ҳодиса деб ишонилмоқда.

Ўтган бир неча йил ичида Қандаҳор, Ҳелманд, Зобул, Урузгон, Ғўр, Фароҳ, Бодғиз ва Ҳирот каби вилоятларда ўхшаш ҳоллар кузатилган. Аммо, улар кичик кўламда юз берган.

Би-би-си мухбири Билол Сарварий бундай ҳодисалар афғон матбуотида камдан-кам ёритилишини айтади.

Халқаро кучлар яқиндан бери Толибон жангчиларини ҳукумат сафига оғдириш йўлида кўпроқ муваффақиятга эришилаётганини айтишган.

Бир пайтлар нисбатан тинч ҳисобланган Фароҳ вилоятида бугун зўравонликлар даражаси ошган.

Кўплаб туманлар, айниқса, яқинда ҳужумларга саҳна бўлган вилоят марказида Толибон ва бошқа исёнкор гуруҳлар фаол.

Фароҳ вилояти Эрон билан чегарага эгалиги билан стратегик аҳамиятга эга, бу билан бирга муҳим Қандаҳор-Ҳирот шоҳйўли айни вилоят орқали ўтади.